Жамият | 12:30 / 10.12.2017
27571
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда 25 минг долларни ўмарганлар ушланди

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги хонадонларнинг биридан 25 минг АҚШ доллари ва бошқа буюмларни ўғирлаб кетган жиноятчилар қўлга олинди. Бу ҳақда ШИИББ расмий вакили Азизжон Тешабоев матбуот брифингида маълум қилди, деб хабар қилмоқда тадбирда иштирок этган KUN.UZ мухбири.

“2017 йилнинг 14 ноябрь куни Тошкент шаҳар ИИББ навбатчилик қисмига фуқаро Аҳмедовнинг уйига номаълум шахслар босқинчилик йўли билан бостириб кирганлиги ҳақидаги хабар келиб тушган. Ушбу хабарга асосан воқеа жойига етиб борган тергов-тезкор гуруҳи томонидан жиноятни фош қилишга қаратилган барча чора-тадбирлар амалга оширилган – деди Тешабоев. – Тергов-тезкор ҳаракатлар давомида аниқланишича, жорий йилнинг 14 ноябрь куни номаълум шахслар юзларига ниқоб, қўлларига қўлқоп кийган ҳолда Шайхонтохур туманидаги хонадонга бостириб кириб, хонадон эгаси фуқаро Аҳмедов, унинг турмуш ўртоғи ва фарзандига ҳужум қилиб, уларни ўлдириш билан қўрқитиб, қўл ва оёқларини скотч билан боғлаб, сейф ичидан 25.000 АҚШ доллари ва 4.000.000 сўмлик «Samsung-Galaxy S7 edge» русумли телефон аппарати, фуқаролик паспортларини босқинчилик йўли билан эгаллаб, ҳодиса жойидан яширинганлар”.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент ШИИББ Тергов бошқармаси томонидан номаълум шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 164-моддаси 4-қисми “а” банди, яъни “босқинчилик” (ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиб, ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа нарсаларни ишлатиб, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, уй-жойга ғайриқонуний равишда кирган ҳолда содир этилиши) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ички Ишлар Бош Бошқармаси ходимлари томонидан мазкур жиноятни фош қилишга қаратилган тергов-тезкор тадбирлари натижасида жиноятни 1994 йилда туғилган, Тошкент ирригация олийгоҳи 3-босқич талабаси Ф.А., 1988 йилда туғилган А.А., 1994 йилда туғилган М.О., 1991 йилда туғилган, муқаддам судланган Б.З., ва 1993 йилда туғилган Н.Д.лар содир этганлиги аниқланиб, ашёвий далиллар билан ушланган. 

Айни вақтда ушбу шахсларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда айбланувчиларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов

Мавзуга оид