Ўзбекистон | 18:20 / 10.12.2017
17631
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасидаги ўтказиш пунктларида янада кенг имкониятлар яратилади

Фото: bojxona.uz

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан дунёдаги барча узоқ-яқин давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан самарали алоқалар янада мустаҳкамланиб бормоқда.

Маълумки, жорий йилнинг сентябрида Қозоғистон Республикаси Президенти Н.Назарбоевнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида икки давлат чегараларига туташ ҳудудларни тартибга солиш ва ўтказиш пунктларини реконструкция ва модернизациясига оид “Йўл харитаси" имзоланган эди.

Ушбу ҳужжатда белгилаб берилган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида “Яллама” чегара ўтказиш пунктида Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикаларининг божхона, чегара ва бошқа маъсул ташкилот мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳларнинг ушбу давлатлар чегара-божхона постлари инфраструктурасиини мустаҳкамлашга қаратилган масалаларда учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ушбу “Йўл харитаси"нинг ҳаётга тадбиқ этилиши Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикаси билан чегарада жойлашган ўтказиш пунктларида жисмоний шахсларнинг пиёда ёки шахсий автомобилларидаги ҳаракати, шунингдек, икки қўшни давлат ҳудудларидан ўтувчи юк ташувчи, жумладан, транзит ҳаракатланаётган транспортлар учун ҳам тез ва қулай ҳаракатланишида янада кенг имкониятлар яратади.

Фото: bojxona.uz

Тасдиқланган “Йўл харитаси”га асосан, ўзбек-қозоқ чегараларида жойлашган "халқаро" мақомидаги ҳамда иш ҳажми кенг бўлган ўтказиш пунктларида, 2018-2019 йиллар давомида реконструкция ишлари, катта ҳажмдаги рентген-сканер аппаратлари, радиацион-назорат тизимлари билан жиҳозлаш, видеокузатув тизимини янада яхшилаш, автотранспорт воситаларининг давлат рақамларини аниқлаш ва юк ташувчи транспортларнинг оғирлигини аниқлайдиган жиҳозларни ўрнатиш назарда тутилган.

Ташриф давомида икки давлатнинг ишчи гуруҳлари аъзолари «Яллама», «Ғишт-кўприк», «Зангиота» ва «Тошкент» каби ўтказиш пунктларида бўлиб, у ердаги шарт-шароитлар билан, хусусан, мазкур постларнинг инфраструктураси, махсус ускуналар ва ёрдамчи техник воситалар билан жиҳозлангани ҳамда божхона ва чегара назоратидан ўтказиш тартиботлари билан яқиндан танишиб, уларни баҳоладилар.

Тадбир якунига кўра, томонлар келишуви тегишлилигича баёнлаштирилди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид