Жаҳон | 12:50 / 12.12.2017
37092
3 дақиқада ўқилади

Имомали Раҳмон Иорданияга кутилмаган таклиф билан чиқди 

Фото: News.tj

Тожикистон президенти Иордания пойтахти – Оман шаҳри кенгаши депутатлари билан учрашув давомида Иорданияга тожик чучук сувини етказиб беришни йўлга қўйиш таклифи билан чиқди, деб хабар бермоқда Тожикистон ОАВ.

Хабар қилинишича, оманлик депутатлар Тожикистон президентининг таклифини қарсаклар билан қўллаб-қувватлашган.

Имомали Раҳмоннинг эслатишича, Тожикистон чучук сув захиралари бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Унинг маълум қилишича, Марказий Осиё минтақадаги чучук сувнинг тахминан 60 фоизи Тожикистон ҳудудида тўпланади.

«Дунёда нефть ва газни етказиб бериш учун юз минг километрлаб қувурлар қурилган, Тожикистондан Иорданияга чучук сувни етказиб бериш бўйича қувур қурсак нима бўлади?» - дея таъкидлаб ўтди Тожикистон президенти ўз чиқишида.

Иордания сув ресурслари ва ирригация вазири Хазем ал-Носирнинг сўзларига кўра, мамлакатда сув етишмовчилиги йилига 600 миллиард литрдан ошиб кетди. Бир куб метр учун тўлов атиги 0,7 долларни ташкил этади, етказиб бериш қиймати эса – 2,5 доллар. Қироллик ҳар йили сув таъминотини қўллаб-қувватлашга 277 миллион доллар сарфлайди.

10 декабрь куни Имомали Раҳмон Иордания қироли Абдулла II бин Ҳусайн билан учрашув ўтказди ҳамда расмий Душанбе Иордания билан муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдор экани, у «араб дунёсида нуфузли мамлакат»лигини маълум қилди. 

Президент ва қирол ўртасидаги музокаралар якунланганидан сўнг икки давлат ўртасида учта ҳукуматлараро битим имзоланди, улар инвестицияларни ҳимоя қилиш, солиқлар, олий таълим ва илмий фаолиятга тегишли.

Имомали Раҳмон ўша куни Иордания бош вазири Хони Фавзий ал-Мулкий билан учрашув ўтказди, у билан савдо, иқтисодиёт, туризм, таълим, маданият, аграр сектор соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Президент ва бош вазир ўртасидаги музокаралар якунланганидан сўнг дипломатик паспорт эгаларининг визасиз сафарлари тўғрисида ҳукуматлараро битим, Тожикистон ва Иордания ТИВ ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар бўйича меморандум, савдо, иқтисодиёт, илм-фан ва техника соҳаларидаги ҳамкорлик бўйича Битим, аграр сектор, маданият ва санъат, туризм соҳасидаги келишувлар, шунингдек, икки давлат савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Имомали Раҳмон Оман шаҳрининг фахрий фуқаросига айлангани хабар берилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид