Жаҳон | 16:00 / 13.12.2017
6608
2 дақиқада ўқилади

Эквадор қачонгача Ассанжни ҳимоя қилмоқчи? 

Фото: AFP

Эквадор WikiLeaks ташкилоти раҳбари Жулиан Ассанжга бошпана тақдим этишда давом этади, бу унинг ҳуқуқларига бўлган таҳдид йўқолмагунга қадар рўй беради. Бу ҳақда Эквадор ТИВ баёнотида айтилади, у Жанубий Америка давлати пойтахти Китода чоршанба куни эълон қилинди.

"Эквадор WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанжга бошпана тақдим этишда давом этади, бу унинг инсон ҳуқуқларига бўлган таҳдид йўқолмагунга қадар давом этади", - дейилади ҳужжатда. Унда таъкидланишича, Ассанжга тақдим этилган “мақомда ҳеч қандай ўзгаришлар йўқ”. Яқинда ижтимоий тармоқларда бу борада турли хил версиялар пайдо бўлганди. Уларнинг муаллифлари иддао этишича, Эквадор президенти Ленин Морено WikiLeaks раҳбарини тақдим этилган ҳимоядан маҳрум қилиш ниятида экан.

2012 йилда Ассанж Эквадорнинг Лондондаги дипломатик миссиясидан бошпана сўради, у шу орқали Швецияга экстрадиция қилишларидан қочмоқчи бўлган. Швецияда эса уни ҳибсга олиш бўйича ордер берилган, у “жинсий характердаги ҳаракатларга мажбурлаш ва шилқимликда”, шунингдек, зўрлашда айбланмоқда. WikiLeaks асосчиси бу айбловларни рад этди ҳамда уларга сиёсий тус берилган, деб атади. Ассанжнинг хавфсирашича, Швеция уни АҚШга депортация қилади, бу ерда австралияликка Давлат департаментининг махфий ҳужжатларини эълон қилгани учун 35 йилгача бўлган муддатга қамоқ ёки ўлим жазоси хавф солмоқда.

Аввалроқ Эквадор президенти Морено WikiLeaks асосчиси Жанубий Америка давлатининг Лондондаги элчихонасида бўла туриб, турли сиёсий баёнотларни бермаслиги кераклиги ҳақида фикр юритганди. Давлат раҳбари Ассанжга “на Эквадор сиёсатига, на дўстона мамлакатлар сиёсатига аралашмаслик” илтимоси билан чиқди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид