Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни доирасида Эквадор билан икки томонлама музокараларни якунлади. Бу ҳақда Президентнинг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Урунов маълум қилди.

Уруновнинг қайд этишича, музокараларни якунлаш тўғрисидаги баённома 6 ноябр куни имзоланган.

«Эквадор томонига конструктив мулоқот ва қўллаб-қувватлаш учун самимий миннатдорлик билдираман. Биз бу жараёнга тўлиқ ишонамиз ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан фахрланамиз. Ишлар давом этмоқда — олдинда ЖСТнинг яна иккита аъзоси турибди», — деб ёзди у LinkedIn’да.

Аввалроқ, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни доирасида Канада ва Панама билан ҳам икки томонлама музокараларни муваффақиятли якунлагани хабар қилинганди.