Ўзбекистон | 12:40 / 13.12.2017
19839
3 дақиқада ўқилади

Фоторепортаж: Тошкентда 2 ярим ёшли болага эшитиш имкониятини берувчи кохлеар импланти ўрнатилди

Фото: KUN.UZ

2017 йил 9 декабрь куни Invivo хусусий клиникасида кохлеар имплантация операциясига бағишланган илмий-амалий анжуман ташкил этилди. Шу куни хорижлик шифокорлар билан бир қаторда маҳаллий отоларинголог ҳамда жарроҳлар ҳам эшитиши заиф бўлган касалларга кохлеар имплант ўтказиш бўйича операцияда  иштирок этишди.  

Австралия ва Россиядан ташриф буюрган малакали жарроҳлар ўзбекистонлик шифокорлар ҳамда бўлажак жарроҳларга ўз тажрибалари ҳақида ўртоқлашишди. Шунингдек, иштирокчилар бухоролик 2,5 ёшли кар-соқов болага дунёдаги энг нозик кохлеар имплантини ўтказиш операциясини ҳам онлайн тарзда кузатиш имконига эга бўлишди.

Кохлеар имплантацияси - айрим нейросенсорли эшитиш қобилиятини йўқотган ёки бутунлай эшитмайдиган беморлар учун қўлланиладиган тиббий асбоб. Унинг ёрдамида заиф эшитувчи инсонлар турли товушларни эшитиш ҳамда сўзлай олиш имконига эга бўлиши мумкин. 

"Жаҳонга машҳур Cochlear компаниясининг имплантлари Ўзбекистонга расмий тарзда олиб келинди. Эндиликда беморларга бошқа мамлакатларга солиштирганда анча арзон нархларда кохлеар имплантларини ўрнатиш ва уларга эшитиш қобилиятини қайтариш имконияти мавжуд. Айрим болалар туғма кар-соқов бўлиб туғилса, яна бошқалар антибиотикларнинг нотўғри қўлланилиши ва сурункали касалликларнинг асоратидан эшитиш қобилиятини йўқотади. Энг муҳими, ота-оналар фарзандларини эрта ёшдалигидаёқ шифокор назоратидан ўтказишса ва ўз вақтида имплантлар ўрнатилса, уларнинг барча соғлом инсонлар қатори тинглай олиши ва сўзлашишига умид пайдо бўлиши мумкин. Кеча биз хайрия акцияси бўйича 5 нафар беморга кохлеар имплантини муваффақиятли ўтказдик. Бугун яна бир болага кохлеар имплантацияси бўйича жарроҳлик амалиёти амалга оширилди. Келажакда мазкур амалиётни яна давом эттиришни мақсад қилганмиз", дейди INVIVO клиникасининг директори Зебо Каримова КUN.UZ мухбирига берган интервьюсида. 

Зебо Каримова

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда кохлеар имплантларини ўрнатиш бўйича тажрибали мутахассисларнинг пайдо бўлиши кўплаб инсонларнинг олис манзилларга шифо излаб бормай, ўз юртида даво топишига имкон беради. Сўнгги инновацион технологиялар ёрдамида ишлаб чиқарилган кохлеар имплантлари эшитишга тўсиқ бўлувчи муаммоларни бартараф этишга ҳамда инсонларни фаол ижтимоий ҳаётга қайтаришга кўмак беради.  

Маълумотларга кўра, 2016 йилда бутун дунё бўйлаб имплантация жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган болаларнинг 80 фоизига айнан Cochlear компаниясининг имплантлари ўрнатилган.

Шифокорларнинг қайд этишича, кохлеар имплантларини ўтказиш - якуний ижобий натижага эришиш, дегани эмас. Операциядан сўнг беморларни айрим текширувлардан ўтказиш керак бўлади. Шунингдек, сўзлашиш, тинглаш қобилиятларини шакллантириш учун улар билан махсус педагоглар шуғулланиши лозим. Шундагина эшитиши заиф бўлган беморлар вақт ўтиши билан тўлиқ тилга кириши ва тинглай олиши мумкин бўлади.

Мавзуга оид