Жаҳон | 19:50 / 13.12.2017
15030
2 дақиқада ўқилади

Ислом мамлакатлари АҚШга нисбатан санкциялар механизмини ишлаб чиқиши мумкин

Фото: Getty Images

Дональд Трампнинг Ал-Қудсни Исроил пойтахти деб эълон қилишга доир қароридан сўнг ислом мамлакатлари БМТ Хавфсизлик Кенгаши (ХК)га АҚШ устидан шикоят қилиши лозим. Tele Liban каналининг хабар беришича, Ливан президенти Мишель Аун Истанбулдаги Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)нинг чоршанба кунги саммитида шундай баёнот билан чиққан.

"АҚШни бу қароридан воз кечишга мажбур қилиш учун ҳам  шундай қилиш керак бўлади", - дея таъкидлади у.

"АҚШ БМТ Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг Яқин Шарқ можароси бўйича резолюциясини бузди, шундай экан, у минтақада тинчлик ўрнатишга ҳаракат қилаётган буюк давлат сифатида эътироф этилишга ҳақли эмас", - дея ҳисоблайди Аун.

Ливан президентининг таъкидлашича, "ИҲТ томонидан Ал-Қудсни Исроил пойтахти деб тан олган ҳар қандай давлатга нисбатан қўшма санкциялар механизми ишлаб чиқилиши  керак".

Конституцияга кўра, Ливан президенти насроний бўлиши кераклигига қарамай, Ливан ИҲТ аъзоси ҳисобланади. Аун 12 декабрь куни Ал-Қудснинг АҚШ томонидан Исроил пойтахти деб тан олинишини "катта хато" деб атади. Унинг сўзларига кўра, Ал-Қудс "уч монотеистик дин шаҳри" бўлиб қолиши керак. 

Истанбулдаги саммит ИҲТда раислик қилаётган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ташаббуси билан ўтказилмоқда. Унда 48 мамлакат вакили иштирок этиб, улардан 16 нафари - давлат раҳбарлари. Йиғилиш сўнггида якуний декларация қабул қилинади ва унда АҚШнинг қарорига "жавоб" қарори эълон қилинади. 

Мавзуга оид