Ўзбекистон | 08:50 / 13.12.2017
12045
10 дақиқада ўқилади

Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳудуд раҳбарлари фаолиятини баҳолаш мезонлари жорий этилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳрининг туманлар ва шаҳарларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳудуд раҳбарлари фаолиятини баҳолаш мезонларини жорий этиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий- иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида” 2017 йил 8 августдаги ПҚ-3182-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳрининг туманлар ва шаҳарларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳудуд раҳбарлари фаолиятини уларга юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши юзасидан доимий мониторинг олиб боришни, ҳудудларнинг ривожланиш аҳволидаги реал ўзгаришлардан ва бошқа ҳаққоний мезонлардан келиб чиқиб, уларнинг фаолиятини холисона баҳолашни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди:

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан Адлия вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати билан биргаликда ишлаб чиқилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳрининг туманлар ва шаҳарларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳудуд раҳбарлари фаолиятини баҳолаш тизими тўғрисидаги Низом (кейинги ўринларда Низом деб аталади) иловага мувофиқ тасдиқланди ва 2018 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилади.

2. Белгилаб қўйилишича, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳрининг туманлар ва шаҳарларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳудуд раҳбарлари фаолиятини баҳолаш учун зарур бўладиган маълумотлар Низомда белгиланган вазирлик, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан ҳар чорак якунида ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 10-санасигача ҳар бир шаҳар ва туманлар кесимида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига тақдим этилади.

Маълумот учун қабул қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатлар бўйича кўрсаткичлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати томонидан Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаментига тақдим этиладиган маълумотлар асосида тайёрланиб, умумлаштириш учун Иқтисодиёт вазирлигига тақдим этилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги мазкур Низомнинг амалда қўлланилиши бўйича, уни такомиллаштириш нуқтаи назаридан 2018 йил 1 майгача мазкур Низомга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

4. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги 2018 йил 1 июнгача Иқтисодиёт вазирлигининг таклифларини эътиборга олган ҳолда мазкур Низом асосида раҳбарлар фаолиятини баҳолаш бўйича дастурий таъминот ишлаб чиқилишини таъминлайди.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов зиммасига юкланди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳрининг туманлар ва шаҳарларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳудуд раҳбарлари фаолиятини баҳолаш тизими тўғрисидаги низомга кўра, тизимда раҳбарлар фаолиятини баҳолаш мезонлари икки қисмдан иборат бўлиб, расмий статистик ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатлар бўйича маълумотларни ўз ичига олади.

Расмий статистик маълумотлар ижтимоий соҳа, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги соҳаси, коммунал хўжалигини ташкил қилиш ва уй-жой масалалари, ҳуқуқ- тартибот соҳасидаги кўрсаткичларни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида” 2017 йил 8 августдаги ПҚ-3182-сон қарорига мувофиқ шаҳар ва туманларни комплекс ижтимоий- иқтисодий ривожлантириш бўйича ташкил этилган секторлар раҳбарлари томонидан уйма-уй юриш, халқ билан мулоқот, аҳоли томонидан кўтарилган муаммоларни ечиш бўйича кўрилаётган чораларнинг самарадорлиги кўрсаткичларини ўз ичига олади.

Тизимдаги мезон-индикатор (кўрсаткич)ларни баҳолаш бўйича максимал кўрсаткич 100 баллни ташкил этади.

Бунда расмий статистик маълумотлар бўйича максимал 80 балл, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатлар бўйича максимал 20 балл билан баҳоланади.

Ҳар бир мезон-индикатор (кўрсаткич) мазкур Низомга 1-илованинг “Индикатор (кўрсаткич)ни ҳисоблаш методикаси” устунида келтирилган методика бўйича ҳисобланади ва “Индикаторни баҳолаш методикаси” устунида келтирилган методика бўйича баҳоланади.

Расмий статистик маълумотлар 43 та мезон-индикатордан иборат бўлиб, 3 та мезон-индикатор туман ва шаҳарлар бўйича ҳисобланмайди ва тегишинча 40 та мезон-индикатор бўйича ҳар бир шаҳар ва туман раҳбарлари максимал 80 балл билан баҳоланади.

Бунда ҳар бир мезон-индикатор (кўрсаткич) тегишли кўрсаткичларнинг миқдорига мувофиқ ҳолда 0 дан 2,0 баллгача баҳоланади.

Шахсий томорқаларда чорва молларини етиштириш даражаси, тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатувчи корхоналар билан қишлоқ хўжалиги корхоналари ўртасидаги дебитор-кредитор қарздорликларнинг қисқартирилиши даражаси ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт режасининг бажарилиши даражаси кўрсаткичлари шаҳарлар бўйича ҳисобланмайди.

Кўп квартирали уйларнинг қишки мавсумга тайёргарлиги, уй хўжаликларини канализация тизими билан қамраб олиш ҳамда иссиқлик энергияси тўловларини йиғиб олиш кўрсаткичлари туманлар (Тошкент шаҳридан ташқари) бўйича ҳисобланмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатлар юзасидан ҳудудлар раҳбарлари ҳар бири максимал 10 баллдан баҳоланадиган 2 та кўрсаткич - ҳар ўн минг нафар вояга етган аҳоли сонига нисбатан мурожаатлар сони ҳамда келиб тушган мурожаатларнинг ижобий ҳал қилиниши кўрсаткичи бўйича баҳоланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонасига келиб тушаётган ҳар ўн минг нафар вояга етган аҳоли сонига нисбатан мурожаатлар сони кўрсаткичи бўйича республикада энг паст кўрсаткичга эга бўлган шаҳар ёки туманга энг юқори - 10 балл берилади. Қолган шаҳар ва туманлар республика бўйича энг паст кўрсаткичга нисбатан мутаносиб равишда ҳисобланади.

Расмий статистик маълумотлар мазкур Низомга 1-илованинг “Масъул вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар” устунида кўрсатилган вазирлик, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан ҳар чорак якунида ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 10-санасигача ҳар бир шаҳар ва туманлар кесимида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатлар бўйича кўрсаткичлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати томонидан Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари ахборот- таҳлил департаментига тақдим этиладиган маълумотлар асосида тайёрланиб, умумлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига тақдим этилади.

Ҳисобот даври сифатида ҳар чорак олинади ва чорак якуни бўйича ягона кўрсаткичнинг ўзгариш динамикаси орқали тегишли ҳудуддаги раҳбарнинг фаолиятига асосланган баҳо берилади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда шаҳарлар ва туманлар раҳбарларининг фаолиятига баҳо бериш натижаларининг ҳар чоракда умумлаштирилишини ва мониторингини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Баҳолаш натижаларини ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 15-санасигача Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизматига ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳрининг туманлар ва шаҳарларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳудуд раҳбарлари фаолиятини баҳолаш тизими мезонлари асосида тегишли ҳудуддаги муаммолар аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ташкил этилган 4 та сектор раҳбарлари томонидан “йўл хариталари” асосида чора-тадбирлар амалга ошириб борилиши таъминланади.

Баҳолаш натижалари асосида туман (шаҳар)да қайси соҳага эътибор қаратилиши лозимлиги белгилаб олиниб, тегишли чора-тадбирлар кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 20-санасигача вазирлик, идора ва бошқа органларга тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида” 2017 йил 8 августдаги ПҚ-3182-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизматига Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ҳисоб палатаси билан биргаликда ҳар чоракда алоҳида ўрнак кўрсатган секторлар раҳбарлари, давлат органларининг мансабдор шахслари ва ходимларини рағбатлантириш ёки йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун уларни лавозимидан озод этишгача бўлган жавобгарликка тортиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритишда Тизим бўйича баҳолаш натижаларидан фойдаланиш мумкин.

Мавзуга оид