Ўзбекистон | 22:20 / 13.12.2017
11853
3 дақиқада ўқилади

Корея масаласида аниқлик киритилди: 2000 долларгача бўлган суғурта пуллари кимларга қайтарилади?

Фото: KUN.UZ

KUN.UZ'да Корея Республикаси Инсон ресурслари марказининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Парк Сан Лу ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг «суғурта депозити сифатида 200 АҚШ долларидан 2000 АҚШ долларигача бўлган маблағни қабул қилиб»​ олишга чақиргани ҳақида хабар берилган эди.

Мазкур масала юзасидан кўпчиликда қўшимча саволлар юзага келгани боис, KUN.UZ мухбири Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакилларидан бунга изоҳ беришни сўради.

"Корея Республикасидаги фаолиятини ўз муддатида муваффақиятли якунлаб келган одамларнинг маълум миқдордаги пуллари ўша ерда қолган. Буларнинг ичида ноқонуний ишлаётган мигрантлар ҳам бўлиши мумкин. Бу асосан Samsung-суғурта пули ҳисобланади.

Суғурта пули Ўзбекистонда эмас. Бу ерда фақат уларнинг кимга берилиши кераклигига доир рўйхат бор. Шунингдек жаноб Паркда ҳам ушбу рўйхат мавжуд. Мазкур суғурта пули мигрантлар Ўзбекистонга қайтаётган вақтда аэропортда берилади ва у Корея Республикасидаги фаолиятини ўз муддатида тугаллаганлар учун муайян миқдордаги мукофот пули ҳисобланади.

Жанубий Кореядаги фаолиятини ўз вақтида тугаллаб, Ўзбекистонга қайтган ва мана шу пулларни олмаган фуқаролар бўлса, паспорт билан Корея Республикаси Инсон ресурслари марказининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига мурожаат қилиши ёки ўзи ҳақидаги тўлиқ маълумотларни тақдим этган ҳолатда рўйхатда бор ёки йўқлигини билиб олиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонга қайтган фуқароларнинг 90 фоизи бу пулларни олиб бўлган. Булар кўпроқ ҳали-ҳануз Корея Республикасида юрган фуқаролар. Таҳлилларга кўра, буларнинг ярмидан кўпи, яъни 70 фоизи Жанубий Кореяда ноқонуний фаолият юритаётганлар (муддати тугаган бўлса-да, ишлашда давом этаётганлар), улар ҳали Ўзбекистонга қайтмаган.

Бу 200 доллардан 2000 долларгача бўлган суғурта пулларидир, кимларнингдир 13-маоши қолиб кетган бўлиши мумкин, лекин асосийси - Samsung-суғурта пуллари.

Рўйхатда исми шарифи бор ёки йўқлигини билиш истагида бўлганлар 291-95-45 рақамига ёки Call-марказга қўнғироқ қилиб, маълумот олиши мумкин", - дея жавоб берилди агентликда.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид