Ўзбекистон | 14:55 / 13.12.2017
13265
8 дақиқада ўқилади

10 йил. Музейлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди

Фото: Flickr

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «2017 - 2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сон Фармони билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури” ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида” 2017 йил 31 майдаги ПҚ-3022-сон қарорини ижро этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди:

1. 2017 — 2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) тасдиқланди. Дастур қуйидагиларни ўз ичига олади:

2017-2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари режаси 1-иловага мувофиқ;

2017-2027 йилларда янги ташкил этиладиган, қайта ташкил этиладиган ва 2018 йилда фаолияти тугатиладиган давлат музейлари рўйхати 2, 2-а ва 2-б-иловаларга мувофиқ;

2018-2027 йилларда давлат музейлари биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг манзилли дастури 3-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган давлат музейлари, уларнинг филиал ва бўлимлари рўйхати 4-иловага мувофиқ.

2. 2017-2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури бажарилишини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда Республика комиссияси деб аталади) 5-иловага мувофиқ таркибда тузилади.

3. Республика комиссияси (А.Ж. Раматов):

Дастурда назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилишига масъул бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий давлат ижро ҳокимияти органлари фаолиятини тизимли асосда мувофиқлаштиради, белгиланган тадбирларнинг тўлиқ ва сифатли бажарилиши мониторингини олиб боради ва назорат қилади;

давлат музейларининг ишлаб чиқиладиган янги концепциялари, музей ашёларини ишончли сақлаш, ташриф буюрувчилар, хусусан имконияти чекланган шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, туристларга хизмат кўрсатишни ривожлантириш, архитектура-режалаштириш, интерьер, дизайн ва ландшафт ечимларига эътибор қаратган ҳолда ҳар бир музей биносининг эскиз лойиҳасини музейнинг йўналиши ва мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда тасдиқлайди.

Республика комиссиясига, зарурат бўлганда, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишилган таклифларига асосан 2018 - 2027 йилларда давлат музейлари биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг манзилли дастурига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.

4. Қуйидагилар Дастурни молиялаштириш манбалари этиб белгиланди:

давлат музейлари биноларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишлари бўйича - Ўзбекистон Республикасининг ҳар йилги Инвестиция дастури доирасида марказлаштирилган инвестициялар;

давлат музейлари биноларини мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари бўйича - Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари;

моддий маданий мерос объекти ҳисобланган давлат музейлари биноларини мукаммал таъмирлаш ишлари бўйича - Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига моддий маданий мерос объекти реставрация-тиклаш ишларини бажариш учун ажратилган маблағлар;

имтиёзли хорижий кредитлар ва грантлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги ва келгуси йиллардаги Инвестиция дастури параметрларини шакллантиришда мазкур қарорда белгиланган давлат музейлари биноларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишлари учун зарур маблағларни назарда тутади

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда ушбу қарорда белгиланган давлат музейлари биноларини мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари учун зарур маблағларни назарда тутади.

6. Белгилаб қўйилишича:

2018 йилда Инвестиция дастури маблағлари ҳисобидан давлат музейлари биноларини қуриш ва реконструкция қилиш учун объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва 2019 йилдан бошлаб қуриш ва реконструкция қилиш ишлари учун маблағлар ажратилади;

музейларни мақбуллаштириш натижасида бўшайдиган маблағлар музейларни мукаммал таъмирлаш ва моддий-техник базасини ривожлантириш мақсадлари учун йўналтирилади.

7. Давлат музейлари биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини бажариш бўйича буюртмачи этиб:

Ўзбекистон Республикасининг ҳар йилги Инвестиция дастури доирасидаги марказлаштирилган инвестициялар, Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан бажариладиган ишлар бўйича - Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Объектларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича буюртмачи хизмати” давлат муассасаси;

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига моддий маданий мерос объекти реставрация-тиклаш ишларини бажариш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан бажариладиган ишлар бўйича - Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси белгиланди.

8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Маданият вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда Дастурни амалга ошириш учун имтиёзли хорижий кредитлар ва грантларни жалб қилиш бўйича халқаро молиявий институтлар ва хорижий донорлар билан тизимли ишлар олиб боради.

9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари 2018 йил якунига қадар ҳар бир туман ва шаҳар марказларидаги маданият ва аҳоли дам олиш марказлари биносида қуйидагиларни ёрқин ва таъсирли акс эттирувчи ҳамда мунтазам равишда янгиланиб борувчи кўргазма-экспозицияларни ташкил этади:

 

тасвирий, амалий ва халқ ҳунармандчилиги санъати йўналишларида фаолият кўрсатаётган, айниқса, ушбу ҳудуддаги ижодкорлар асарлари асосида миллий истиқлол, эркин, фаровон ҳаёт, анъанавий санъатимиз ва қадриятларимизга нисбатан юксак ҳурмат-эҳтиром туйғуларини уйғотадиган кўргазмалар;

халқимизнинг бой тарихи, урф-одатлари ва анъаналари, бугунги жўшқин ҳаёт манзаралари, юртимиз одамларининг сиймолари, уларнинг орзу- интилишларини ҳар томонлама чуқур акс эттирадиган бадиий фотокўргазмалар;

ҳудуднинг тарихи, маданияти, табиати, одамларнинг ҳаётидаги сифат ўзгаришлари, барча жабҳалардаги ривожланишни ифодаловчи экспозициялар.

Ушбу бандда кўрсатилган кўргазма-экспозициялар Республика комиссияси томонидан тасдиқланадиган намунавий концепция ва жиҳозлаш талаблари асосида ташкил этилади ҳамда уларни ташкил этиш, сақлаш ва янгилаб бориш харажатлари қонун ҳужжатларида тақиқланмаган манбалар ҳисобидан қопланади.

10. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги мазкур қарорда белгиланган давлат музейлари биноларининг эскиз лойиҳаси, лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилишини ва давлат экспертизасидан ўтказилишини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси давлат музейлари биноларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилишининг сифати устидан давлат архитектура-қурилиш назоратини амалга оширади.

11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.С. Сайфуллаев зиммасига юкланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид