Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентдаги янги музей мажмуаси BBC’нинг энг муҳим лойиҳалар рўйхатига киритилди
Британиянинг нуфузли BBC нашри 2026 йилда очилиши кутилаётган олтита энг муҳим музейлар рўйхатига Ўзбекистонда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси марказини ҳам киритди. Нашрда бундай маданий масканлар 2026 йилда улар жойлашган шаҳарлар қиёфасини тубдан ўзгартириши мумкинлиги қайд этилган.
Фото: Президент матбуот хизмати
“Дунё” АА хабар беришича, BBC мақоласида Тошкентдаги ушбу улкан маданий-маърифий мажмуа Ипак йўлидаги ислом илм-фани ва маданиятининг муҳим марказларидан бири сифатида Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маънавий меросини намойиш этишга мўлжаллангани таъкидланган.
Нашрда марказ биносининг меъморий кўриниши ҳам алоҳида эътиборга олинган. Хусусан, феруза тусдаги мозаикалар билан безалган монументал гумбаз мажмуага хос ёрқин жиҳатлардан бири сифатида қайд этилган. Шунингдек, марказнинг муҳим қисми ҳисобланган Қуръони карим зали бунёд этилаётгани, унда мусулмон дунёсининг маънавий дурдонаси — қадимий Усмон Мусҳафи жойлаштирилиши режалаштирилгани айтилган.
BBC маълумотларига кўра, экспозицияда сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, Ўзбекхон, темурийлар ва бошқа тарихий сулолалар даврида битилган Қуръон нусхалари, уларнинг эски ўзбек тилидаги таржималари, шунингдек, жаҳондаги нодир қўлёзма Қуръонлардан намуналар ўрин олиши кўзда тутилган.
Мақолада музей мажмуаси тўпламидан 2 мингдан ортиқ қўлёзма ва тарихий ашёлар ҳам ўрин олгани, уларнинг аксарияти сўнгги йилларда Ўзбекистонга қайтарилгани қайд этилган.
Шунингдек, марказда таълим зонаси ташкил этилиб, унда Ўзбекистоннинг исломдан олдинги давридан то ҳозирги кунгача бўлган тарихига бағишланган экспонатлар виртуал технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда тақдим этилиши айтилган. Қайд этилишича, айрим бўлимларда ташриф буюрувчилар “жонли портретлар” деб аталадиган воситалар орқали дунёга машҳур тарихчи ва мутафаккирлар билан мулоқот қилиш имкониятига эга бўлади.
Марказнинг бошқа қисмларида 200 минг жилдли кутубхона, мамлакатдаги биринчи ихтисослаштирилган болалар музейи, ҳунармандчилик устахоналари ҳамда реставрация лабораторияси бўлиши режалаштирилган.
Нашрда, шунингдек, “Йўқотилган маърифат: Марказий Осиёнинг олтин даври” китоби муаллифи Фредерик Старр мазкур мажмуани сайёҳлар учун ҳам, олимлар учун ҳам жозибадор марказ сифатида баҳолаганини келтириб ўтилган. Унинг фикрича, бу ерда минтақа тарихида минг йиллар аввал шаклланган интеллектуал ва бадиий мероснинг гуллаб-яшнаши билан яқиндан танишиш мумкин бўлади.
Мавзуга оид
13:31 / 13.02.2026
Лондон Украинага 1000 та Британия ракетасини тақдим этади
22:44 / 29.01.2026
4 давр музейи, минглаб ноёб экспонатлар, кутубхона ва Қуръон зали – Ислом цивилизацияси марказида нималар бор?
13:13 / 10.01.2026
Германия, Франция ва Британия Россиянинг “Орешник” ракета зарбасини қоралади
09:31 / 15.12.2025