Жаҳон | 08:47 / 14.12.2017
9750
2 дақиқада ўқилади

«Янги иқтисодий мўжиза». Трамп яна ўзини мақтади

Фото: EADaily

АҚШ президенти Дональд Трампнинг маълум қилишича, Қўшма Штатлар "янги иқтисодий мўжиза" остонасида турибди.

Оқ уй раҳбари солиқ ислоҳоти масаласи бўйича чиқиш қилиб, агарда АҚШ конгресси Рождествога (25 декабрь) қадар унга солиқ ислоҳоти бўйича қонун лойиҳасини кўриб чиқишга юборса, у ҳолда америкаликлар "февралдан бошлаб камайтирилган солиқлар ва катта даромадларни кўриши мумкин эканини" маълум қилди.

"Бугун биз янги иқтисодий мўжиза остонасида турибмиз", - дея айтиб ўтди у.

Трампнинг сўзларига кўра, Америка иқтисодиёти ўсиши 3 фоизни ташкил этади, ҳамда "агарда довуллар бўлмаганида, 4 фоизга ҳам етиш мумкин эди". "Икки йил аввал, мен кампанияни энди бошлаётганимда, бу ақл бовар қилмас рақам эди. Ҳамда ушбу рақам яна ҳам ошиб боради. Биз сайловлар ўтганидан сўнг 2,2 миллион иш ўрнини яратдик. Ишсизлик 17 йил ичидаги энг паст даражада турибди", - дея қўшимча қилиб ўтди у.

Қўшма Штатлар етакчисининг маълум қилишича, бу қонун лойиҳасига қарши бўлганлар у бойлар учун эканини иддао этишмоқда, "бироқ улар якуний қонун лойиҳасини ҳаттоки кўришмади ҳам". "Мен ҳам якуний қонун лойиҳасини кўрмадим ҳали", - дея айтиб ўтган Трамп. Шу билан бирга, унинг қўшимча қилишича, у "ўрта даромадга эга одамлар, иш ўринларини яратадиган компанияларга" мўлжаллангандир.

Айни дамда конгресснинг вакиллар палатасида республикачилар томонидан таклиф этилган солиқ ислоҳотининг якуний муҳокамаси бўлиб ўтмоқда. Аввалроқ Оқ уйдан давлат раҳбари солиқни 20 фоизга қисқартиришдан манфаатдор экани ҳақида маълум қилишганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид