Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ пойтахтида ўзбек тадбиркорлари учун махсус дастур ишга туширилди
Вашингтон шаҳрида ўзбекистонлик ёш тадбиркорлар учун мўлжалланган “Uzbekistan Business Leaders” (UBL) дастурининг навбатдаги босқичи расман бошланди. Дастур иштирокчиларга АҚШнинг илғор бизнес тажрибасини ўрганиш, халқаро алоқаларни кенгайтириш ва янги лойиҳаларни ривожлантириш имконини беради.
Дастурнинг очилиш маросими ҳамда таништирув семинари “American Councils for International Education” ташкилоти қароргоҳида бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон элчихонаси вакиллари, АҚШ Давлат департаменти Марказий Осиё ишлари бўйича идораси директори ўринбосари Алиса Бибб, “American Councils” президенти Лиза Чоут, ташкилот директорлар кенгаши раиси ва АҚШнинг Қозоғистон ҳамда Арманистондаги собиқ элчиси Жон Ордвей, шунингдек, қатор америкалик мутахассислар ва ўзбекистонлик ёш тадбиркорлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Алиса Бибб кейинги йилларда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар янги босқичга чиққанини таъкидлади. Унинг қайд этишича, икки мамлакат ўртасида савдо, инвестициялар, технологиялар ва ахборот технологиялари соҳаларидаги ҳамкорлик изчил кенгайиб бормоқда.
“American Councils” президенти Лиза Чоут эса ташкилотнинг Ўзбекистон билан таълим ва касбий алмашинув соҳасида кўп йиллик ҳамкорлик тажрибасига эга эканини билдириб, UBL дастури икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, мазкур дастур нафақат билим ва тажриба алмашиш майдони, балки ёш тадбиркорлар учун янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш имконини берувчи самарали платформа ҳам ҳисобланади.
Тадбирда иштирок этган Жон Ордвей ёш тадбиркорларни дастур бошлангани билан табриклаб, АҚШнинг илғор бизнес амалиёти ва бошқарув тажрибасидан самарали фойдаланишга чақирди.
Шунингдек, Ўзбекистон дипломатлари мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, инвестиция муҳити ҳамда Ўзбекистон–АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ҳақида маълумот бердилар.
Интерфаол мулоқотлар давомида дастур иштирокчилари янги бизнес моделларини жорий этиш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва инновацион лойиҳаларни ривожлантириш бўйича ўз режалари билан ўртоқлашдилар.
Таъкидланишича, “Uzbekistan Business Leaders” дастури ўзбекистонлик ёш тадбиркорларнинг халқаро тажрибасини бойитиш, уларнинг бошқарув кўникмаларини ривожлантириш ва глобал бизнес муҳити билан яқиндан танишишига хизмат қилади.