Жаҳон | 07:10 / 15.12.2017
6969
2 дақиқада ўқилади

Францияда автобус ва поезднинг тўқнашиши оқибатида болалар ҳалок бўлди

Фото: The Associated Press

Франциядаги Перпиньян шаҳри яқинида жойлашган Милла коммунасида мактаб автобуси ва TER поезди тўқнашуви оқибатида 4 ўқувчи ҳалок бўлди, камида 20 нафари жароҳат олди.

Йўл-транспорт ҳодисаси темир йўл ўтиш жойида юз берган. Тўқнашув оқибатида автобус икки қисмга бўлиниб кетган. Перпиньян прокурори Жан-Жак Фаньининг айтишича, ҳалок бўлган ва оғир жароҳатлар олган 7 нафар боланинг шахслари ҳали аниқланмаган.

Жабрланганлардан энг кичиги 8 ёш, каттаси эса 15 ёшда. Поезддан ҳеч ким жабрланмаган, бироқ баъзиларга психологик ёрдам зарур бўлган.

SNCF миллий темир йўл компаниясининг ҳудудий бошқармаси маълумотларига кўра, тўқнашув вақтида темир йўл ўтиш жойи ёпиқ бўлган.  

Бироқ автобус йўловчиларининг айтишича, ўтиш жойидаги шлагбаум туширилмаган бўлган. Автобусда кетган 11 ёшли қизчанинг бувисининг айтишича, набираси “барчасини ўз кўзи билан кўрган”.

“Қизчамнинг айтишича, шлагбаум туширилмаган бўлган. Сигнализациянинг қизил чироғи ҳам ёқиқ бўлмаган. Автобуснинг ҳайдовчиси шлагбаумдан ўтиб, ярим йўлда тўхтаб қолганда, уларга поезд келиб урилган”, деб айтган аёл.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид