Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Биз фармацевтика бўйича ҳамкорликни ривожлантиришимиз керак». Бангладеш элчиси билан суҳбат
Бугун, 16 декабрь куни Бангладеш Республикаси мустақиллиги эълон қилинган сана ҳисобланади. Ҳиндистон яриморолининг шарқий қисмида жойлашган ушбу мамлакатда 163 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, уларнинг аксарияти Ислом динига эътиқод қилувчи мусулмонлардан ташкил топган. Мамлакатнинг иқтисодий қудрати мос равишда ишлаб чиқарилаётган ЯИМ 248 миллиард АҚШ долларига тенг эканини кўрсатади.
Kun.uz мухбири ушбу юрт билан яқиндан танишиш мақсадида Бангладешнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Мосуд Маннан билан суҳбатлашишга қарор қилди. Элчи жаноблари ўзининг мамлакатга келганда ҳис этган илк таассуротлари билан ўртоқлаша бошлади.
«Аввал Ўзбекистон ҳақида кўп нарса билар эдим, дея олмайман. Шунга қарамай, шу ерга келишимдан аввал, етарлича тушунча ҳосил бўлганди. Нега десангиз, бизни боғлаб турувчи умумий тарих бор. Бобурийлар давлати жанубий Ҳиндистон яриморолида ўчмас из қолдирган. Табиийки, мактабнинг бошланғич синфларидан, тарих фани орқали бобурийлар ҳақида кўп ўқиганмиз. Бобур, Ҳумоюн, Акбар, Жаҳонгир, Шохжаҳон ва Аврангзеб... бу ҳукмронларнинг барчаси менга яхши таниш», деб сўз бошлайди элчи.
Мосуд Маннаннинг айтишича, икки халқнинг ошхонаси ва мусиқаси ҳақида гапирганда, учраб турадиган бир хилликларни алоҳида таъкидлаш лозим.

«Масалан, менинг диёримда Ўзбекистонда машҳур бўлган нон турлари йўқ бўлиши мумкин, аммо биз ҳам уни Нан деб атаймиз, шашлик ва турли кабобларни Даккада ҳам топиш мумкин. Қолаверса, чолғу асбоблари ҳақида сўз кетганда, икки мамлакат учун қадрдон бўлган дуторни эслаб ўтиш керак», деб фикр билдиради у.
Бугунги кунда Бангладеш давлати енгил саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш борасида дунё етакчиси - Хитой кетидан иккинчи ўринда жадал ривожланмоқда. Айни шу соҳада Ўзбекистон билан яхши иқтисодий алоқаларни ўрнатган Бангладеш ҳукумати олий навли пахта хом-ашёсини сотиб олувчи импортёрлардан бири саналади. Аммо, элчининг таъкидлашича, «мамлакатларимиз бошқа тармоқларга ҳам эътибор қаратиб, ўзаро манфаатдор алоқаларни ривожлантириши мумкин».
«Бу - фармацевтика, яъни дори-дармонлар ва тиббий анжомларни ишлаб чиқариш тармоғидир. Ўзбекистонда бу соҳа янада ривожланишга муҳтож, ҳалигача ички бозорни тўйинтириш учун Европа, МДҲ ва Ҳиндистон, жумладан, Бангладешдан дори-дармонлар импорт қилинади. Агар Бангладешнинг катта ҳажмдаги фармацевтик маҳсулотларни ишлаб чиқариши ва уларнинг экспорти билан шуғулланишини ҳисобга олсак, Марказий Осиё бозорида қўшма корхоналарни ташкил этиш ўзаро манфаатли бўлишини англаш мумкин», деб фикр билдирган Мосуд Маннан.
Шунингдек, элчи Бангладешга чегарадош Мьянма заминида ҳарбийларнинг босими остида ўз уйини тарк этишга мажбур бўлаётган роҳингялар масаласига ҳам тўхталиб ўтди.
«Албатта, улар Мьянма фуқаролари ва халқи, гарчи бизга ўхшаб кийинса ҳам, одатланса ҳам... Улар Мьянмада туғилиб, ўсган шу юртнинг халқи ҳисобланади. 1947 йилдан бошлаб Мьянма мустақил давлат саналади, қандай қилиб асрлар давомида шу ҳудудда яшаб келган халқ, бугунга келиб Мьянма фуқаролари эмас? Шунга қарамай, Мьянма расмийлари уларни ўз уйини мажбурликдан ташлаб чиқиб кетишини жим кузатиб турибди. Водийда яшаб қолганлар эса нормал ҳаёт кечирмайди. Масалани фақат ўзаро англашув орқали ҳал қилиш мумкин», дейди у.
Суҳбатнинг тўлиқ шаклини қуйидаги ҳавола орқали видео шаклида томоша қилишингиз мумкин.
Youtube'да кўриш
Mover.uz'да кўриш
Мавзуга оид
08:54 / 03.06.2026
БМТ Бош ассамблеясига янги раис сайланди
13:18 / 01.12.2025
Ўзбекистон Бангладеш компаниялари учун транзит ва ишлаб чиқариш ҳаби бўлиши мумкин
09:43 / 27.11.2025
Бангладешда Ўзбекистоннинг янги элчиси ишонч ёрлиқларини топширди
16:11 / 17.11.2025