20:53 / 16.12.2017
9553

Саудия Арабистонида аёлларга мотоцикл ва юк машиналари ҳайдашга рухсат берилди 

Фото: Getty Images

Саудия Арабистонида аёлларга мотоцикл ва юк машинаси бошқаришга рухсат берилди. Бу ҳақда мамлакатнинг йўл ҳаракати бошқармаси маълум қилди, деб хабарда берди Al-Arabiya телеканали.

Хабарда таъкидланишича, аёллар бу транспорт воситаларини енгил автомобиллар билан бир қаторда 2018 йил июнидан бошлаб бемалол бошқара оладилар.   

Саудия Арабистони ҳукумати вакилининг телеканалга маълум қилишича, аёллар бошқарадиган автомобиллар ва мотоциклларда эркаклар бошқарадиган транспорт воситаларидан фарқланувчи махсус табличкалар ёки рақамлар ўрнатилмайди. 

Саудия Арабистони қироли Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд сентябрь охирида аёлларга ҳайдовчилик гувоҳномаларини олишга рухсат берувчи фармонни имзолаганди. 

Саудия Арабистонида аёллар машина ҳайдашлари мумкин, бироқ эркаклардан фарқли, улар ҳайдовчилик гувоҳномаларини ололмасдилар. Агар жамоат жойида машина ҳайдаётган аёл пайқалса, у полиция томондан ҳибсга олиниши ёки йирик суммага жаримага тортилиши мумкин эди. Саудиялик аёллар эркаклар билан бир қаторда машина ҳайдаш ҳуқуқини олиш юзасидан ижтимоий тармоқларда кўплаб кампаниялар уюштиришган. 

Top