Ўзбекистон | 11:30 / 17.12.2017
10929
3 дақиқада ўқилади

Тошкент делегацияси амалий ташриф билан Татаристон Республикасида бўлди

Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Одилхон Рустамов бошчилигидаги делегация 2017 йилнинг 5-8 декабрь кунлари амалий ташриф билан Татаристон Республикасида бўлди.

Татаристон Республикаси бош вазирининг ўринбосари - Татаристон Республикаси саноатни ривожлантириш вазири Алберт Каримов «Казань» халқаро аэропортида Ўзбекистон делегациясини кутиб олди.

Алберт Каримов Тошкент вилояти делегациясининг Қозонга ташрифи Россия-Ўзбекистон муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган Татаристон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга ҳисса қўшишига ишонч билдирди.

Шу куннинг ўзидаёқ делегация Верхнеуслонск туманида барпо этилган Иннополис шаҳрига ташриф буюрди. Меҳмонларни Иннополис шаҳри мериясининг инвесторлар билан ҳамкорликда иш олиб бориш бўлими бошлиғи Денис Исмаилов кутиб олди. Учрашувда мезбонларга Тошкент вилояти делегациясининг ташрифидан асосий мақсад ўзаро узоқ муддатли минтақалараро ҳамкорликни янада ривожлантириш назарда тутилганлиги етказилди.

Тошкент вилояти делегацияси "Казанская ярмарка" кўргазмалар залида 17-халқаро ихтисослаштирилган "Қозон. Металлни қайта ишлаш. Машинасозлик" ва 12-халқаро ихтисослаштирилган "TechnoСварка" кўргазмаларининг очилиш маросимида иштирок этди. Маросимни очишда Татаристон Республикасининг Президенти Р.Минниханов сўзга чиқиб, бу йилги кўргазмада дунёнинг 17та мамлакатидан, Россия Федерациясининг 20та ҳудудидан жами 153та компания иштирок этаётганлигини, экспозицияларда машинасозлик ва металлни қайта ишлаш соҳасидаги энг сўнгги технологиялар, инновацион системалар, янги русумли ускуна ва мосламалар тақдим этилаётганлигини таъкидлади.

Ушбу кўргазма Worldskills international ижроия директори Дэвид Хоуи, Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари О.Рустамов, Татаристон Республикаси бош вазири ўринбосари А.Каримов ва Татаристон Республикаси Президенти Р.Минниханов томонидан очиб берилди.

Амалий ташриф давомида Одилхон Рустамов бошчилигидаги делегация Татаристон Республикасининг қишлоқ хўжалиги, саноатни ривожлантириш, автомобиль йўллари ва транспорт, архитектура, қурилиш ва уй-жой хўжалиги вазирликлари раҳбарияти билан учрашувлар ўтказиб, учрашувлар давомида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, етиштирилаётган мева-сабзавотлар, полиз экинлари, узум ва дуккакли ўсимликларнинг сифати, қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларининг таркибий ҳусусиятлари, экологик софлик даражаси юқорилиги ҳақида тўхталиб, бу борада ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишдан томонлар манфаатдор эканлигини таъкидлаб ўтилди.

Тошкент вилояти делегациясининг Татаристон Республикасига ташрифи давомида Татаристон Республикасининг вазирликлари, тиббиёт ва таълим муассасалари, йирик корхоналари ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги, Бекобод, Оҳангарон, Олмалиқ, Янгийўл шаҳарлари, вилоятнинг йирик корхоналари ўртасида ўзаро  истиқболли ҳамкорликни кўзда тутувчи келишувлар, шартнома ва меморандумлар имзоланди.

Мавзуга оид