Яна бошланди...
Куз-қиш мавсуми келиши билан KUN.UZ электрон почтасига электр энергияси билан боғлиқ муаммолар битилган мурожаатлар келиши кўпаяди. Ўзбекистоннинг турли чеккаларидан юборилган мазкур мактубларда электр энергиясининг узоқ вақт ва тез-тез ўчиши билан боғлиқ масалалар тилга олинади. Ўтган 2016 йилнинг мазкур мавсумида ҳам шу каби муаммолар турли мақолалар кўринишида сайт орқали эълон қилинган эди. Одамлар бу йилги ўзгаришлардан катта умид қилишганми, улар ёзган мактубларда бу ҳақида жуда кўп сўз юритилган. Уларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
“Ассалому алайкум. Исмим Элдоржон. Мен Қашқадарё вилояти, Ғузор тумани, Тошгузар қишлоғида яшайман. Қиш эшигини қоқибдики, 24 соат давомида 24 дақиқа ҳам чироқ ёнмайди. Шўртан завод ёнимизда. Шу заводнинг заҳрини ютиб яшаймиз-у, лекин газдан дарак ҳам йўқ. Ҳурматли KUN.UZ ходимлари: оддий халқ нима қилсин? Илтимос, шу ҳақда ҳам бирор нима ёзинглар, шояд фойдаси тегиб қолса...”.
“Наманган вилояти, Чортоқ тумани, Короскон шаҳарчасида яшайман. Қиш мавсуми бошланиши билан бир суткада бор-йўғи бир-икки соат электр таъминоти беришяпти. Ўзим-ку майли, аммо уйда ёш болам бор.
Президентимиз қишлоқларда ҳам чироқ ўчмасин, деб таъкидлагандилар. Ҳайрон бўладиганим – нега ҳеч ким давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаларига амал қилмайди? Ёки ҳокимларимиз томонидан бирор ўйин кўрсатиляптими? Пуллар чўнтакка бориб тушяптими?
Шаҳар жойларида электр энергияси билан таъминланиш зўр, уларда умуман чироқ ўчмайди. Аммо қишлоқда ўчади. Нима, қишлоқдагилар одам эмасми? Ҳақиқат қаерда? Нега бир қора халққа ҳеч ким қарамайди?!”.
“Ассалому алайкум KUN.UZ таҳририятининг ҳурматли ходимлари. Сизларга шуни маълум қиламан-ки, Қашқадарё вилояти, Яккабоғ тумани, “Эсат” фуқоролар йиғинида (жами 12 та қишлоқ) яшовчи аҳоли хонадонида уч кундан буён электр энергияси умуман йўқ. Ҳурматли KUN.UZ, сизлар Ўзбекистон Республикасида 2017 йилда электр энергияси билан боғлиқ муаммолар кузатилмайди, деб эълон қилган эдингиз. Аммо ҳозиргача қишлоқ жойларда чироқ йўқ. Нега? Сизлардан илтимос, Президентимиз ҳурматли Шавкат Мирзиёев таъкидлаб ўтганидек, “биз халқ фаровонлиги учун хизмат қилишимиз ва биз халқ хизматкоримиз”, деган шиорга амал қилишингизни сўраймиз”.
Мурожаатларнинг яна бирида шундай дейилади:
“Ассалому алайкум. Исмим Ўткирбек. Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида истиқомат қиламан.
Мана, бугун, 15 декабрь куни бизнинг туманда куни бўйи 6 маротаба 2 соатдан электр энергиясини узиб қўйишди. Бориб сўрасам ҳар хил баҳоналар қилишди. Мана шу ҳолатни видеога олганман. Жудаям қийналдик. Ҳар куни эрталаб 5 дан то 6-30 гача, кейин 7-30 дан 12 гача, тушга бориб 13-00 дан 16-00 гача, сўнгра 17-30 дан 19-00 гача ва 20-20 дан яна ўчиришди. Сизлардан илтимос, келиб ёрдам беринг”.
Яна бир мактуб мазмуни қуйдагича:
“Ассалому алайкум KUN.UZ сайтининг жонкуяр ходимлари. Мен Андижон тумани, Хортум қишлоғида яшайман, ҳунармандман. Президентимизнинг халқ манфаатлари йўлида қилаётган ишлари, халқ учун қайғуришлари, айниқса, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини янада ривожлантириш, уларга кенг имкониятлар ҳамда каттадан-катта имтиёзлар бериш учун амалга ошираётган ислоҳотлари таҳсинга лойиқ.
Жумладан, мени энг ҳаяжонга солиб, тўлқинлантирган бир гаплари бор: "Бир тадбиркор ўзи мустақил тадбиркорлик фаолияти доирасида қўшимча иш ўринларини яратса, иш билан таъминласа, у тадбиркорни бошимга кўтараман". Шу гап таъсирида мен ҳам шу ватан равнақи учун озгина бўлса ҳам ўз ҳиссамни қўшгим келаверади.
Бир сафар бозорга маҳсулотимни олиб-сотиб берувчи харидор мижозимнинг ёнига бордим. "Ака, материалларни мана бу–мана бу турларидан бугун ёки узоғи билан эртага етказиб беришингиз керак. Фақат ўта зарур”, деб буюртма бериб қолди. Ўзаро ҳисоб-китобдан сўнг, уйга қайтишда олган озгина тушум пулимдан МИБчилар чироқ учун тўлов деб келса, бош оғриғи бўлмасин, деб туман электр тармоқлари корхонасига кириб, электр энергияси учун олдиндан тўловни 200 минг ортиғи билан тўлаб, “заказ”ни битказиш учун тезда уйга қайтдим. Уйимиз қишлоғимизнинг чеккароқ жойида жойлашган. Шунга қарамасдан ҳунармандчилик соҳасида ёғоч материалларига ишлов бериш билан шуғулланамиз. Гарчи фаолиятим норасмий бўлса-да. Ҳунарим йўналишида ўз уйимизда оилавий ҳамда маҳалланинг ўқишдан сўнг бекор юрган ўсмир болаларини бўш вақтини самарали ўтказишлари учун иш билан таъминлаганман.
Гапнинг индаллосини айтганда, халқ манфаатлари йўлида қарорлар, фармонлар чиқарилганига, бу йилги қиш мавсуми учун электр энергиясига олдиндан тўловларни амалга оширилганига қарамасдан, умумий қилиб айтганда, бир суткада 4-5 соат электр беришаяпти холос. Ўша куни ҳам буюртмани бажариш учун уйга келсам, чироқ йўқ. Ўша куни шогирдларимга берадиган пулимни электр энергияси учун олдиндан тўлов қилиб келгандим, улар ҳам ранжиб қолишди. Аммо шунга яраша ишлар ҳам бажарилмай қолди ўша кун.
Бу аҳволда кетаверса, соҳага оид раҳбарлар яна ўша эски тизим бўйича ишлайверса, ҳеч ким қайғурмаса, ҳамма шароитлар шаҳар учун яратилаверса, биз қишлоқдаги оддий халқни ким ўйлайди. Газ тўғрисида, майли, гапирмасам ҳам бўлади. Худога шукур, маҳсулотимиз чиқинидисидан ўтин сифатида унумли фойдаланиб турибмиз. Лекин ишлаб чиқариш соҳасида бари-бир электр энергиясининг ўрни бошқа экан. Сизлардан илтимосим, электр энергияси муаммосини ҳал қилиш имконияти бор бўлса, керакли ёрдамингизни аямайсизлар, деган умиддаман”.
Бунга ўхшаш мурожаатлар сони жуда кўп. Шу ўринда бир ҳолатга эътиборингизни қаратмоқчимиз. “Ўзбекэнерго” АЖнинг ўз сайти бор. У анчадан буён фаолият олиб боради. Бу, табиийки, республика аҳолиси мазкур соҳадаги янгиликлардан ўз вақтида хабардор бўлиб туради, деганидир. Аммо шундаймикан? Афсуски, йўқ. Майли, куз-қиш мавсумида жойларда муаммолар кузатилаётган экан, шунинг сабаби “Ўзбекэнерго” АЖ сайти орқали қисқача бўлса-да, ёритиб борилса бўлади-ку. Бу, биринчи навбатда, замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдаланиш, иккинчидан, аҳолини аниқ ва тўғри ахборот билан таъминлашга киради. Ана шунда оддий одамлар ўзлари билан боғлиқ бу каби муаммоларга нотўғри талқин беришмаган, тушкунликка тушишмаган бўларди.
Юқорида келтириб ўтилган мурожаатлар бўйича масъул мутассадилар шуғулланишади, деб умид қиламиз. Биз ҳали бу мавзуга яна қайтамиз...
Мавзуга оид
20:55 / 02.11.2024
Ўзбекистонда электр энергияси ва метан гази олиш учун 8 та чиқинди ёқиш заводи, 1 та чиқинди полигони қурилади
10:20 / 30.10.2024
Зангиотада газдан ноқонуний фойдаланган шахслар ушланди
21:29 / 29.10.2024
Жиззахда 8,6 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган “метан заправка” аниқланди
15:54 / 29.10.2024