Жаҳон | 23:20 / 18.12.2017
16978
2 дақиқада ўқилади

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Ал-Қудс бўйича қарорни бекор қилиш ҳақидаги резолюциясига АҚШ тўсиқ қўйди

Фото: РИА "Новости"

АҚШ БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан қабул қилиниши керак бўлган Ал-Қудс статусининг ўзгартирилишини тан олмаслик ва бу қарорни бекор қилиш тўғрисидаги резолюцияга тўсиқ қўйди. Миср томонидан тарқатилган резолюция лойиҳаси бўйича овоз бериш жараёни Нью-Йоркда душанба куни бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда РИА Новости.

Ҳужжатни қўллаб 14 та овоз берилган. АҚШ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатида вето ҳуқуқидан фойдаланди.

Резолюция лойиҳаси Ал-Қудснинг «характери, статуси ва демографик таркибини ўзгартиришни назарда тутувчи ҳар қандай қарорлар ва ҳаракатлар юридик кучга эга эмаслиги, ҳақиқий ҳисобланмаслиги ва бекор қилиниши лозимлиги»ни баён этаётган эди.

Декабрь ойининг бошида АҚШ президенти Дональд Трамп Ал-Қудсни Исроилнинг пойтахти деб тан олиши ҳақида эълон қилиб, Америка элчихонасини Тель-Авивдан шу шаҳарга кўчириш ҳақидаги ҳужжатга имзо қўйди. Америка раҳбарининг қарори Исроилда шодонлик билан кутиб олинди ва жаҳоннинг кўплаб давлатлари, биринчи навбатда Яқин Шарқ давлатлари ва Фаластинда норозилик келтириб чиқарди.

Мавзуга оид