Жаҳон | 15:57 / 18.12.2017
48816
3 дақиқада ўқилади

Дамашқ чеккасида онасиз қолган гўдак бор кучи билан ҳаёт учун курашмоқда

Фото: Anadolu

Дамашқ чеккаси Шарқий Гутеда тинч аҳоли ҳалок бўлишда давом этмоқда. Халқаро ҳамжамият Сурия пойтахти шарқидаги вазиятга лоқайд, бу эса у ердаги тартибсизликларнинг янада авжига чиқишига сабаб бўлмоқда. 14 ноябрдан бери ушбу ҳудудга деярли ҳар куни ҳаво ҳужуми уюштирилади.

Сурия мухолифати назорати остидаги ҳудуддаги отишмалар натижасида юзлаб жароҳатланганлар орасида Карим исмли бола ҳам бор.

Боланинг онаси Хамурийя даҳасидаги бозор ўққа тутилиши натижасида ҳалок бўлган, фарзандининг эса чап кўзи кўрмай қолган, у пайтлар Карим 1 ойлик бўлган.

Куни кеча у икки ойлик бўлди. Боланинг бошида снаряд учқунлари натижасида чуқур чандиқлар қолган. Ака ва опалари унинг омон қолишига ёрдамлашиш мақсадида авайлаб парвариш қилишмоқда. 

Фото: Anadolu

Чақалоқнинг отаси - Абу Муҳаммад "Анадолу" билан бўлган суҳбатда бир неча ойдан бери ўққа тутиб келинаётган даҳада яшаш жуда қийин эканини айтди.

"Менинг 4 нафар фарзандим бор. Кенжамиз бир ойлик бўлганида турмуш ўртоғим ҳалок бўлди. Каримга парвариш ва тиббий ёрдам зарур. У кўриш қобилиятидан қисман маҳрум бўлди. Бош суягида ёриқлар бор", - дейди Абу Муҳаммад.

Шарқий Гутедаги гуманитар инқироз ҳақида, шунингдек, Дамашқ чеккасида истиқомат қилувчи Ум Аҳмад ҳам сўзлаб берди. Унинг сўзларига кўра, доимий отишмалар туфайли ҳудуд аҳолиси ўз фарзандларига ҳатто егулик топа олмайди. "Вазият оғир. Болалар оч-наҳор қолмоқда. Арпадан ун қилиб, нон ёпаяпмиз. Бу бизда мавжуд ягона егуликдир", - дейди у.

Фото: Anadolu

Бешинчи йил қамал давом этаётган Шарқий Гутеда бугунги кунда 400 минг киши истиқомат қилмоқда.

БМТ маълумотларига кўра, Суриядаги зиддиятлар давомида 400 мингдан зиёд киши ҳалок бўлган, 10 миллиондан ортиғи ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган. 4,8 миллион киши мамлакат ташқарисидан бошпана излашига тўғри келган. 

Мавзуга оид