Жаҳон | 09:43 / 18.12.2017
11576
2 дақиқада ўқилади

“Жангарилар Ироқ ва Суриядан Африкага қочишмоқда” – Жазоир ТИВ

Хорижий жангарилар Сурия ва Ироқдаги “қайноқ” нуқталардан Африка Соҳили, Африка шоҳи ва Чад кўли атрофидаги ҳудудларга қочишмоқда. Бу ҳақда Жазоир ташқи ишлар вазирлиги ҳисоботида маълум қилинган. Ушбу ҳужжат 17 декабрда Жазоир пойтахти Жазоирда ўтган Террорчилик муаммоларини ўрганиш Африка маркази йиғилишида тақдим қилинди.   

“Хорижий жангариларнинг Сурия ва Ироқдаги жанглар ҳудудидан ўз юртлари ёки бошқа муаммоли ҳудудлар – Соҳил, Африка шоҳи ва Чад кўли атрофидаги ҳудудларга кўчиши юз бермоқда”, деб маълум қилган Жазоир ташқи ишлар вазирлиги вакили Хайис Риаш.

“Ғоявий яхши тайёрланган, ҳарбий малакаларга ўргатилган ва аксарият ҳолларда интернет ва ижтимоий тармоқларни қўллаш малакаларини яхши эгаллаган бу жиноий унсурлар пайдо бўлган жойларида партизан уруши кўринишида бузғунчилик фаолиятини олиб борадилар”, деб айтилган ҳужжатда.

Жазоир ташқи ишлар вазирлигида таъкидланишича, “террорчилик фаолиятига жалб қилинган ва Африкага қайтмоқчи бўлган ёш африкаликлар сони мингларни ташкил қилади”. Айтилишича, “шу тариқа Африка давлатларининг шундоқ ҳам чекланган захираларига босим ўсиб боради”.

“Террорчилик ва халқаро уюшган жиноятчилик ўртасида яқин алоқа мавжуд. Бугунги кунда ушбу алоқа исботланган. Гиёҳванд моддалар, ноқонуний миграция, қурол, одам, маданий бойликларни сотиш, чорвани ўғирлаш, қароқчилик, барча турдаги контрабанда – атрофида мафиоз гуруҳлар ва террорчилик ҳаракатлари ҳамкорлиги шаклланадиган ва амалга ошириладиган жиноий фаолият турлари шулардан иборат”, деб айтилган ҳужжатда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид