Ўзбекистон | 19:40 / 19.12.2017
53567
9 дақиқада ўқилади

Президент раислигидаги видеоселекторда мактабгача таълим тизими муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 декабрь куни мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни таҳлил қилиш ва истиқболдаги вазифаларни белгилаб олишга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Мактабгача тарбия таълим тизимининг бирламчи ва энг муҳим бўғини ҳисобланади. Соғлом генофондни, етук кадрларни тарбиялаш, аввало, шу тизимдан бошланади.

Бироқ шу пайтгача бу тизим ривожланишдан ортда қолган эди. Охирги 20 йил давомида давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасалари сони 45 фоизга камайган. Оқибатда мактабгача ёшдаги болаларнинг 33 фоизи боғчаларга қамраб олинган, холос. Бу кўрсаткич Данияда 99 фоиз, Японияда 97 фоиз, Жанубий Кореяда 95 фоизни ташкил этади.

Мактабгача таълим муассасаларида болаларни ижтимоий, шахсий, ҳиссий, нутқий, математик, физио-психологик, жисмоний ва ижодий ривожлантириш бўйича таълим дастурлари жорий этилмаган. 

Умуман, боғчалар “ота-она ишда бўлган вақтда болага қараб турадиган муассаса”га айланиб қолган.

Президент мамлакат келажаги ва равнақида муҳим ўрин тутадиган бу соҳага алоҳида эътибор қаратмоқда. Мамлакат ҳудудларига ташрифи чоғида мактабгача таълим муассасаларини кириб кўрмоқда. Шавкат Мирзиёев раислигида бу соҳани ривожлантириш бўйича бир неча йиғилишлар ўтказилгани ҳам ана шу эътибордан далолат.

Давлат раҳбарининг жорий йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида соҳа олдидаги долзарб вазифалар ва устувор йўналишлар белгилаб берилди. Шу куни қабул қилинган Президент қарорига асосан бу соҳада алоҳида вазирлик – Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди.

Янги вазирлик зиммасига мактабгача таълим муассасалари давлат ва нодавлат тармоғини кенгайтириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, муассасаларга болаларни қамраб олишни кескин ошириш, таълим-тарбия жараёнларига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш орқали болаларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш вазифалари юкланди.

Бугунги кунда бу борада давлат дастури қабул қилиниб, кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилиб, жойлардаги аҳволни яхшилаш, янги боғчалар қуриш, жумладан, нодавлат боғчалар тармоғини кенгайтиришга катта аҳамият қаратилмоқда.

Йиғилишда тизимда амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Президент мактабгача таълим тизимидаги ҳолатни ҳудудлар кесимида таҳлил қилиб, ўз ечимини кутаётган муаммо ва камчиликларга тўхталди. Хусусан, жойлардаги мактабгача таълим муассасаларида кадрлар таъминоти ва салоҳияти етарли эмаслиги, соҳада 57 мингдан ортиқ мутахассис меҳнат қилаётган бўлса-да, уларнинг 85 фоизини ўрта маълумотли кадрлар ташкил этаётгани фарзандларимизни мактаб таълимига талаб даражасида тайёрлаш имконини бермаётгани таъкидланди.

Мактабгача таълим муассасаларига болалар бадиий адабиётлари йиллар давомида етказиб берилмагани, ота-оналарда боғчага нисбатан ишонч йўқолгани, мактабгача таълим тизимида йиллар давомида кўплаб муаммолар йиғилиб қолгани танқид остига олинди.

Шунингдек, кўпгина маҳаллий ҳокимликлар томонидан мактабгача таълим муассасалари фаолияти учун зарур шароит яратилмагани, боғча бинолари бўм-бўш тургани, улардан самарали фойдаланиш йўлга қўйилмаганига алоҳида эътибор қаратилиб, мутасадди раҳбарларнинг бу борадаги ҳисоботлари тингланди.

Йиғилишда қайд этилган камчиликларни бартараф қилиш мақсадида 2018 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилиши лозим бўлган қатор стратегик вазифалар белгилаб берилди.

Биринчидан, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Дастур асосида боғчалар қуриш ва реконструкция қилиш ишлари жадал давом эттирилиши таъкидланди.

2018 йил давлат бюджетидан 427 боғчада қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш учун 771 миллиард сўм маблағ ажратиш (жумладан, 14 тасини янгидан қуриш, 256 тасини реконструкция қилиш ва 157 тасини капитал таъмирлаш) бўйича топшириқ берилди.

Бу жараёнда замонавий қиёфага эга бўлган 50, 100 ва 150 ўринли боғча бинолари лойиҳалари қисқа муддатда қайта ишлаб чиқилиши ва бунда ҳудудлар шароити ҳисобга олиниши, иншоотлар қишда иссиқ, ёзда салқин бўлиши, болаларнинг ювиниши, овқатланиши, машғулот ўтказиши, ўйнаши, ухлаши учун барча шароитлар яратилиши, ошхона алоҳида жойлашиши, энг асосийси, янги бинолар қурилишида болаларга таълим-тарбия бериш жараёнини ташкил этиш бўйича қўйилаётган талаблар қатъий инобатга олиниши лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Иккинчидан, давлат-хусусий шерикчилик асосида янги турдаги мактабгача таълим муассасаларини фаол ташкил этиш кераклиги қайд этилди. Бу масалада энг муҳим муаммо – сармоя эканлигини ҳисобга олиб, ташкил этиладиган нодавлат таълим муассасаларига ҳар томонлама кўмаклашиш, керакли кредит маблағларини ажратиш учун ҳар бир вилоятга тижорат банклари бириктирилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари зиммасига болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш даражасини кескин ошириш бўйича ҳудудий дастурлар ишлаб чиқиш, бунда ҳар бир туман ва шаҳарда 10-15 та янги, жумладан, давлат-хусусий шерикчилик механизми асосида мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш вазифаси юклатилди.

Хусусий боғчаларга катта имтиёзлар берилгани, жумладан, 2018 йил 1 январдан бошлаб, 5 йил давомида хусусий боғчалар томонидан табиий газ ва электр энергияси учун сарфланадиган маблағнинг ярми давлат бюджети ҳисобидан қопланиши таъкидланди. Бу уларга тўланадиган тўловлар ошиб кетмаслигини таъминлайди.

Учинчидан, боғчаларда болаларни соғлом овқатлантириш ва уларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди. Шундан келиб чиқиб, бунинг учун ажратилаётган маблағ миқдорини ошириш чорасини кўриш юклатилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларига 2018 йилдан бошлаб ҳар бир мактабгача таълим муассасасига 10-15 нафар фермерни сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини арзон нархларда етказиб бериш учун бириктириш топширилди.

Болалар боғчаларига тайёр сифатли иссиқ овқат етказиб берадиган давлат корхонаси ташкил этиш ва “Кетринг” хизматини йўлга қўйиш механизмини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Тўртинчидан, боғчаларда таълим-тарбия ва тиббий хизмат сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 2018 йили мактабгача таълим муассасаларини Жанубий Корея тажрибаси асосида услубий ва дидактик ўйинлар, ўйинчоқлар, мебель ва бошқа техник воситалар билан таъминлаш меъёрлари ишлаб чиқилади.

Мактабгача таълимга қўйиладиган давлат талаблари, таълим-тарбия дастурларини илғор хорижий тажрибалар асосида такомиллаштириш, уларда болаларга ўқиш ва ёзишни турли ўйинлар орқали ўргатишни назарда тутиш лозимлиги таъкидланди.

Юқори малакали тарбиячи ва мураббий кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада Мактабгача таълим вазирлиги тизимида Мактабгача таълим муассасалари раҳбар ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти фаолияти такомиллаштирилиши қайд этилди.

Мазкур институтда замонавий қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини йўлга қўйиш орқали тизимдаги раҳбар ва педагог кадрлар салоҳиятини узлуксиз ошириб бориш, шунингдек, илғор педагогик усул ва услублар ишлаб чиқиш, ўқув ва ўқув-методик адабиётларнинг янги авлодини яратиш ва нашр этишни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, мактабгача таълим учун кадрлар тайёрлайдиган институтларнинг қабул квоталарини реал эҳтиёждан келиб чиқиб белгилаш ҳамда мактабгача таълим педагогларига қўйиладиган талабларни қайта кўриб чиқиш топширилди.

Бешинчидан, мактабгача таълим соҳасини такомиллаштириш бўйича хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш вазифаси қўйилди. Жумладан, Жаҳон банкининг Таълимда глобал ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорликда “Болаларни илк ёшдан ривожлантиришни такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида 2019-2022 йилларда 10 миллион доллар миқдоридаги грант ва 50 миллион доллар миқдоридаги имтиёзли кредитни мактабгача таълим соҳасини ривожлантиришга йўналтириш бўйича лойиҳа концепцияси ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Олтинчидан, мактабгача таълим соҳасига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини тубдан такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда Вазирлар Маҳкамаси ва Мактабгача таълим вазирлигига илғор хорижий тажриба асосида “Мактабгача таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

Еттинчидан, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда боғчаларни қуриш ва реконструкция қилиш ишларини лойиҳалашни тубдан қайта кўриб чиқиш юклатилди.

Мактабгача таълим сифати – эртанги кунимизни ҳал қиладиган масала. Мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш фақатгина янги ташкил этилган вазирликнинг вазифаси эмас. Бу Президент, Бош вазир ва унинг ўринбосарларидан бошлаб, туман ҳокими, энг қуйи идора раҳбаригача – барчамизнинг энг муҳим вазифамиз бўлиши керак, деди давлат раҳбари.

Мавзуга оид