Ўзбекистон | 19:15 / 21.12.2017
19525
4 дақиқада ўқилади

Шўрчида буханка нон 650 сўмдан сотилади: KUN.UZ’да ёритилган мавзу бўйича жавоб қайтарилди

Фото: KUN.UZ

KUN.UZ сайтида эълон қилинган, «Буханка нон халққа 1250 сўмдан сотилмоқда: Шўрчида мутасаддилар жим, иқтисодчилар нима дейди?» мақоласида кўрсатиб ўтилган ҳолатлар ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилиб, аниқланган маълумотлар ва кўрилган чоралар юзасидан таҳририятимизга маълумот тақдим этилди.

KUN.UZ таҳририятининг мазкур мақоласида қайд этилган масалаларни ўрганиш мақсадида вилоятдаги масалага алоқадор корхона ва ташкилотлар мутахассислари — Сурхондарё вилоят ҳокимлиги Савдо департаменти бошлиғи ўринбосари Р.Садуллаев, вилоят Давлат солиқ бошқармаси шўъба бошлиғи М.Ибрагимов, вилоят Давлат рақобат бошқармаси бўлим бошлиғи А.Бобомуродов, «Бозор» ОТАЖлари ФМ бирлашмаси раиси ўринбосари П.Тўрақулов, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси мутахассиси А.Бойматов, Шўрчи туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Абдуллаевдан иборат Ишчи гуруҳи тузилган ва кўрсатиб ўтилган ҳолатлар жойига бориб ўрганиб чиқилган.

KUN.UZ таҳририяти махсус мухбирлари томонидан ўрганишда нон ва нон маҳсулотлари (қолипли нон)нинг бозор ҳудудида 1000–1250 сўмдан сотилаётгани таҳлил қилинган.

Мазкур ҳолат Ишчи гуруҳи томонидан ўрганилганда, туманда мавжуд 30 минг 231та хонадонда яшовчи жами 194 минг 211 нафар аҳолининг ўртача 20 фоизи қолипли нон истеъмол қилса, қолган 80 фоиз уй нонига талаби мавжудлиги, яъни 38.842 нафар фуқаро ёки 6.046 та хонадон бир ойда 725.520 дона  қолипли нонга ёки 362 тонна давлат нархидаги ун маҳсулотларига эҳтиёжи мавжуд.

Шўрчи туманига давлат ресурслари ҳисобидан қолипли нон ишлаб чиқариш учун тадбиркорлик субъектларига ўртача ҳар ойда 53,8 тонна биринчи нав буғдой уни ажратилиб, шундан 21,5 тоннаси аҳолига, 32,3 тоннаси ижтимоий соҳага қолипли нон етказиб берилмоқда.

Аҳолига қолипли нон ишлаб чиқариш учун давлат ресурслари ҳисобидан берилаётган ун маҳсулотлари 1 ойлик эҳтиёжни қондира олмаётганлиги сабабли аҳолининг нонга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Қозоғистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган олий ва биринчи нав буғдой унининг 1 килограмм нархи ўртача 2600 сўмдан харид қилиниб қолипли нон ишлаб чиқарилмоқда.

Бундан шуни кўриш мумкинки, 1 дона қолипли ноннинг нархига 325 сўм қўшилмоқда. Натижада, 1 дона қолипли ноннинг нархи 975 сўмга тўғри келмоқда.

Шунингдек, Шўрчи «Деҳқон (озиқ-овқат) бозори» МЧЖ ҳудудида сотилаётган қолипли нон маҳсулотларининг нархини ўрганиш мақсадида туман Давлат солиқ инспекциясининг тегишли буйруғи асосида текшириш ўтказилганда ЯТТ Менгбоев Оловуддин Пардаевич ҳамда ЯТТ Жўраев Зокир Тошмуҳаммедович томонидан маҳаллий 1-навли буғдой унидан тайёрланган қолипли нонни аҳолига белгиланган нархдан қиммат нархда яъни, 1000 сўмдан сотилаётганлиги ҳолатлари аниқланиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 февралдаги «Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-2777-сонли қарорига асосан солиқ текшируви ўтказилиб тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Шу билан бирга, қолипли нон нархининг сунъий оширилишини олдини олиш, аҳолининг қолипли нонга бўлган талабини қондириш мақсадида Шўрчи «Деҳқон (озиқ-овқат) бозори» МЧЖ ҳудудида «Шўрчидонмаҳсулотлари» АЖнинг 1 та ҳамда давлат ресурслари ҳисобидан қолипли нон ишлаб чиқариш мақсадлари учун ун ресурси ажратилиб келинаётган «Жўрабек Совжироний» хусусий фирмасининг махсус қолипли нон сотиш дўкони фаолияти йўлга қўйилиб, қолипли ноннинг бир донасини 650 сўмдан сотилиши ташкил этилди ҳамда қолипли ноннинг белгиланган нархда сотилиши юзасидан доимий назорат олиб борилади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид