Жаҳон | 22:20 / 24.12.2017
12976
2 дақиқада ўқилади

Британия полицияси жиноятчиларни мультфильмдаги усулдан фойдаланиб ушлади

© AFP 2017 / Daniel Leal-Olivas

Буюк Британиянинг Жанубий Йоркшир графлиги полициячилари машҳур “Симпсонлар” мультфильмида полициячилар қўллаган усулга ўхшаш усул қўллаб, 20 дан кўпроқни жиноятчини қўлга туширишди. Бу ҳақда Independent нашри хабар бермоқда. 

Нашрнинг таъкидлашича, полициячилар қидирувда бўлган жиноятчиларнинг тахминий манзилларига мавжуд бўлмаган компания номидан Янги йилга бепул совға олиш таклифи билдирилган откриткалар юборишган. Совғани олиш учун манзил ва уни етказиб бериш керак бўлган вақтни кўрсатиш талаб этилган. Сўнгра ушбу маълумотлардан фойдаланиб, қидирувда бўлган шахслар олдига курьерлар кўринишидаги полициячилар келишган ва уларни қўлга олишган. Бу усул билан полиция ўғрилик, ҳужум қилиш, маст ҳолатда машина ҳайдаш ва бошқа қонунбузарликларда айбланган 21 шахсни ушлашга муваффақ бўлган. 

Нашрнинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари бу ҳийла “Симпсонлар”нинг серияларидан бирида полиция бошлиғи Клэрэнс Виггам қўллаган усулга ўхшашлигига эътибор қаратишган. Мультфильмда полиция ходимлари қонунбузарларга бепул қайиқлар тарқатилиши тадбирига таклифнома жўнатишган. Таклиф қилинганлар орасида машинани парковкалаш қоидасини бузганликда айбланган, бош қаҳрамонлардан бири Гомер Симпсон ҳам бўлган. 

Бироқ нашрнинг таъкидлашича, полиция ҳақиқатан ҳам бу ҳийлани мультфильмдан ўрнак олиб қўллагани ёки йўқлиги номаълум.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид