Буюк Британия бош вазири Кир Стармер атиги икки йил муқаддам – 2024 йилда ўзининг Лейбористлар партиясини сайловда йирик ғалабага бошлаб келган эди. Ўшанда у ҳукумат раҳбарларнинг кетма-кет ва тез алмашишига сабаб бўлган Консерваторлар партиясининг кўп йиллик тартибсизликларига барҳам беришни ваъда қилганди.

Эндиликда унинг ўзи ҳам истеъфосини эълон қилди. Бу эса Британияда тез орада ўн йил ичида еттинчи бош вазир иш бошлашини англатади. New York Times'нинг ёзишича, ушбу «айланма эшик» Брехитдан кейинги даврда Британия беқарор сиёсатининг ўзига хос хусусиятига айланиб қолди.

Айримлар бош вазирларнинг бу тарзда тез-тез алмаштирилишини нодемократик деб танқид қилмоқда. Мухолифат сиёсатчилари эса бундай вазиятлардан кўпинча янги умумий сайловлар ўтказишни талаб қилиш учун фойдаланади.

Аммо Британиянинг парламентар демократиясида бош вазирнинг ўзгариши умумий сайловлар ўтказилишини талаб қилмайди. Чунки британиялик сайловчилар бош вазирни эмас, балки мамлакатни бошқариш учун партияни сайлайди. Айнан партия раҳбарлик курсисида ким ўтиришини ҳал қилади.

Нашр сўнгги ўн йилликда Downing street'даги раҳбарларнинг тинимсиз алмашиш суръатига назар ташлади.

2016 йил: Брехит овози Девид Камеронни ҳокимиятдан ағдарди

2010 йилдан 2016 йилгача Британия бош вазири бўлган Девид Камерон Консерваторлар партияси бирлигини сақлаб қолиш учун Европа Иттифоқидан чиқиши бўйича референдум эълон қилганди.

11
Фото: Британия ҳукумати портали

У Британиянинг иттифоқ таркибида қолиши учун ташвиқот олиб борди. 2016 йил 23 июнда кичик фарқ билан кўпчилик иттифоқни тарк этишни ёқлаб овоз бергач, у истеъфога чиқиш режаларини эълон қилди.

2019 йил: Муваффақиятсиз музокаралар Тереза Мейнинг бошқарувига чек қўйди