Ўзбекистон | 15:24 / 26.12.2017
13895
3 дақиқада ўқилади

Бухорода профилактика инспекторларининг барчаси уйлар ва автомашиналар билан таъминланди

Мамлакат ички ишлар идоралари тизимини ислоҳ қилиш борасидаги кенг кўламли ишлар айнан профилактика инспекторларидан бошланганида чуқур рамзий маъно бор. Зеро, жиноятни тергов қилгандан, жиноятчини жазолагандан кўра, профилактик ишларни кучайтириб жиноятчиликни олдини олган афзал. 

Шу маънода, давлат раҳбари томонидан ички ишлар органларининг айнан профилактика хизматига бўлган юксак эътиборига бугунги кунда гувоҳи бўлмоқдамиз. 

Профилактика инспекторлари эндиликда ўзлари хизмат олиб бораётган ҳудудда хизмат уйлари ва имтиёзли кредит асосида енгил автомашиналарга эга бўлдилар. 

Бу уларнинг жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, ҳудудларда осойишталикни таъминлашдек шарафли фаолият олиб боришлари учун масъулиятларини икки карра оширади десак, муболаға бўлмайди.

Бухоро шаҳрининг «Хумо» спорт мажмуасида Бухоро вилоят ИИБ Ички ишлар органлари таянч пунктларининг жами 251 нафар  профилактика инспекторларининг қасамёд қабул қилиш, уларга хизмат уйлари ва шахсий автомашиналарнинг калитларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-майор Пўлат Бобожонов, «Нуроний» жамғармаси Республика кенгашининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Усманов, “Маҳалла” хайрия жамғармаси Республика бошқарув раисининг ўринбосари Шавкат Жаниқулов, Республика “Хотин қизлар” қўмитаси раиси ўринбосари Шоира Нурматова ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суд раиси ўринбосари Бахтиёр Исаковлар  иштирок этишди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси-Бухоро вилоят ҳокими Ўктам Барноев ҳамда вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари мазкур тантанали маросимда қатнашишди.   

Бундан ташқари тантанали тадбирда профилактика инспекторларининг оила аъзолари, кенг жамоатчилик вакиллари ва маҳалла фаоллари таклиф этилди. 

Тантанали маросим давомида барча профилактика инспекторлари бирин кетин қасамёд қабул қилишга киришдилар. 

Республика Ҳукумати ва Вазирлик раҳбарияти Бухоро шаҳар, Аҳмад Дониш маҳалла фуқаролар йиғинида хизмат олиб бораётган профилактика инспектори катта лейтенант Бобур Самадовга берилган хизмат уйига ташриф буюришди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 октябрь куни Бухоро шаҳрининг Арк қўрғони олдида Бухоро вилоят ИИБ Ички ишлар органлари таянч пунктларининг жами 126 нафар профилактика инспекторларининг қасамёд қабул қилиш, уларга хизмат уйлари ва шахсий автомашиналарнинг калитларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтган эди.

Мавзуга оид