08:14 / 26.12.2017
5559

Хитой 3 та сунъий йўлдошга эга ракетани муваффақиятли учирди 

Фото: Calt.com

Хитой 26 декабрда 3 та сунъий йўлдошга эга “Чанчжэн-2” ракетасини муваффақиятли  учирди ва шу парвоз билан 2017 йилга мўлжалланган коинот дастурини якунлади. Бу ҳақда Хитой аэрокоинот фани ва техникаси корпорациясининг (CASC) WeChat ижтимоий тармоғидаги расмий аккаунтида маълум қилинди.

“CASC” 2017 йилдаги охирги коинот миссиясини муваффақиятли якунлади”, деб айтилган хабарда.

Ракета 26 декабрда маҳаллий вақт билан соат 3.44да Сичан космодромидан Ерни масофадан зондловчи учта сунъий йўлдош билан старт олган. Уларнинг барчаси белгиланган орбитага кирган. 

Бу парвоз “Чанчжэн” оиласига мансуб ракета-ташувчилар учун 260-сонли миссия бўлди. 2018 йилга режалар ҳозирча маълум қилинмаган. 

Жорий йил CASC Хитойнинг 2017-2045 йилларга мўлжалланган коинот транспорти тизимини ривожлантириш “йўл харитасини” тақдим этганди. Унга кўра, 2020 йилга қадар “Чанчжэн” оиласига кирувчи ракета-ташувчилар юқори даражага эришиб, янги ракета-ташувчи “Чжанчжэн-8” билан тўлдирилиши мумкин. Унинг илк парвози 2019 йилда амалга оширилиши мумкин.

Top