Ўзбекистон | 09:54 / 26.12.2017
54670
4 дақиқада ўқилади

Марказий банк: Конвертация борасида ҳеч қандай чекловлар, ортга қайтиш бўлмайди

Ўзбекистонда валюта бозорининг либераллашуви борасида ортга йўл йўқ. Тадбиркорларнинг банклардан валюта харид қилишларида ҳеч қандай чекловлар бўлмайди. ХПК сессиясида иштирок этган Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов валюта бозорининг либераллашуви мамлакатдаги иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим босқичи эканини таъкидлади. 

Тимур Ишметов. Фото: Халқаро Пресс-клуб

“Биз валюта либераллашувини амалга оширмасдан иқтисодиётнинг бошқа соҳаларини либераллаштира олмасдик. Натижалар эса маълум. Эндиликда тадбиркорлар хорижий валютани чекланмаган миқдорда харид қилишлари мумкин. 

Авваллари тадбиркорлар ўзларининг валюта тушумларини белгиланган курс бўйича зарар кўрган ҳолда сотишга мажбур бўлишарди. Импорт қилувчилар ҳам белгиланган курс бўйича хорижий валютани ўз зарарига юқори нархда харид қиларди. 

Тадбиркорларга нимани қандай амалга оширишни буйруқ бериш билан бирор натижага эришиб бўлмайди. Улар ҳар доим фойда бор жойда бўлишади. Шундай экан, эндиликда, валюта бозори либераллашуви уларга кенг имкониятлар бермоқда”, - деди Тимур Ишметов.

Унинг айтишича, келгусида валюта савдолари ҳажми ошиши кутилмоқда. Чунки тобора кўпроқ тадбиркорлик субъектлари валюта эҳтиёжларини банклар орқали таъминламоқда. Шу билан бирга, МБ раисининг биринчи ўринбосари аҳоли орасида валюта амалиётларини айнан банкларда амалга ошириш борасида ишончни янада кучайтириш лозимлигини ҳам уқдирди.

“Валюта олди-сотди амалиётлари ўтган давр билан қиёсланса, 1,5 баравар ортди. Одатда валюта амалиётлари ошди, дейилганда захиралар камайган, деб тушунилади. Аммо бу ҳар доим ҳам тўғри бўлавермайди. Ўзбекистонда валюта захираси 1,1 млрд долларга кўпайди. Бу банкларнинг валютани сотиши ва харид қилиш ўртасидаги фарқни англатади. Яъни, банклар 1,1 млрд долларга тенг валютани сотиб олган. Бу ҳол қора бозорда бўлган валюталарнинг бир қисми банклар айланмасига қўшилганини англатади. 

Шу билан бирга, тадбиркорларнинг ҳукумат олиб бораётган ислоҳотларга ишончи ортганини билдиради. Қайд этиш керак, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захираларини шу йўл билан кўпайтиришни режалаштираётгани йўқ. Буни қандай тушуниш керак? 2-3 ой мобайнида харид қилинган валюталар кейинги 2-3 ойда сотилади. Масалан, сентябрь-октябрь ойларида банклар кўпроқ валюта сотиб олган бўлса, эндиликда тадбиркорлар авваллари қора бозордан харид қилган валютасини банклардан олмоқда ва ўз-ўзидан банклар сотаётган валюта миқдори кўпайиб бормоқда”, - дея валюта амалиётларига ойдинлик киритди Тимур Ишметов. 

У, шунингдек, тадбиркорлар орасида валюта амалиётларига ишонқирамай қараётганлари, барча айланма маблағларини давлатга билдириб, улардан солиқ тўлашни бошлаганидан кейин валюта сотиш тўхтаб қолмайдими, деган хавотирлар уларни қийнаётганини таъкидлади. 

“Биз бу борада кўп иш қилишимиз керак. Аммо имкониятдан фойдаланиб тадбиркорларга шундай баёнот бермоқчиманки, бизда орқага йўл йўқ. Валюта олди-сотдисида тадбиркорларга ҳеч қандай тўсқинлик бўлмайди. Қолаверса, орқага қайтилса, унинг асоратлари давлат учун жуда салбий бўлади. Шундай экан, деярли бир йиллик тайёргарликдан сўнг, давлат бошлиғининг сиёсий иродаси билан шу ишга қўл урилди. Шу муносабат билан ҳозир ҳам банклардан валюта харид қилишга иккиланиб турган тадбиркорларни ишонтириб айтишим мумкин, валюта олди-сотдисида ҳеч қандай чекловлар ва ортга қайтиш бўлмайди”, - дея таъкидлади Марказий Банк раисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов. 

Мавзуга оид