Ўзбекистон | 19:40 / 26.12.2017
10296
2 дақиқада ўқилади

Навоийда профилактика инспекторларига машина ва уй-жойлар калитлари топширилди

Навоий вилояти ички ишлар бошқармаси ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторларининг ўзлари хизмат қилаётган ҳудудда осойишталикни таъминлаш ва фуқароларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоялаш учун тантанали қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар, профилактика инспекторларининг оила аъзолари иштирок этган тадбирда профилактика инспекторларига замонавий хизмат уйи ва имтиёзли кредит асосида сотиб олинган енгил автомашиналарнинг калити топширилди. 

Мамлакатда аҳолининг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш энг муҳим ва устувор масалага айланди. 

Ўтган қисқа давр мобайнида, профилактика соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ишлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида янги иш услублари жорий этилиши ва соҳада яхлит ҳуқуқий тизим яратилиши ислоҳотларнинг янада самарали бўлишини таъминламоқда. 

Давлат раҳбарининг жорий йил 20 апрелдаги “Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳа ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишга қаратилган юксак эътиборнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. 

Мазкур қарор асосида профилактика инспекторларининг хизмат ва яшаш шароитларини яхшилаш, уларни ўзлари хизмат қилаётган ҳудудда уй-жой билан таъминлаш борасида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилди.

Бундан икки ой олдин Навоий вилоятининг 80 нафар профилактика инспекторларига хизмат уй-жойлари ҳамда имтиёзли кредит асосида сотиб олинган шахсий автомашиналарнинг калитлари тантанали топширилгани уларни янада руҳлантириб, кучига куч, шижоатига шижоат қўшган эди.  

Куни кеча ўтган тадбирда яна 120 нафар профилактика инспекторларининг шундай имконият ва имтиёзга эга бўлгани уларнинг оиласи, яқинларига юксак қувонч улашиб, янги йилга муносиб туҳфа бўлди.

Мавзуга оид