Жаҳон | 12:01 / 26.12.2017
12559
2 дақиқада ўқилади

Суриядаги қочқинлар лагерида ИШИД жангарилари топилди

Фото: AFP

Мағлубиятга учратилган ИШИД террорчилик гуруҳи жангарилари Сурия-Иордания чегарасида жойлашган Ар-Рукбан қочқинлар лагерида яширинмоқда. Бу ҳақда журналистларга Хомс вилоятининг чегараолди туманларида тинч жараённи мувофиқлаштириш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича координатор Хаж Адал айтиб ўтди.

"Лагерда бўлиб турган менинг одамларим маълумотига кўра, у ерда ўзини “Янги Сурия Армия”си деб атаётган жангарилар гуруҳи бор. Уларнинг сони унчалик катта эмас. Гуруҳ ИШИДдан қочган ва Ар-Рукбанга қочганлар, бу гуруҳга мажбурий тарзда содиқлик келтирган қочқинлардан иборат. Шунингдек Ар-Рукбанда хорижлик ёлланма шахслар ҳам пайқалган", - дея маълум қилди у.

Ар-Рукбан қочқинлар лагери Американинг Ат-Танфа ҳарбий базаси яқинидаги хавфсиз ҳудудда жойлашган.

Ар-Рукбандаги қочқинлар жуда оғир аҳволда қолишган: Иордания чегараси улар учун ёпиқ ва у ердан ёрдам келмаяпти. Шу билан бирга, мухолиф гуруҳлар жангарилари хавфсизлик ҳудудини тўсиб қўйишмоқда ва БМТ гуманитар конвойларини қўйишмаяпти.

БМТ маълумотларига кўра, лагерда ҳозирги кунда тахминан 50 минг қочқин бор. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид