Воқеаларга бой бўлган 2017 йил ҳам тугаб бормоқда. Қувончли, аламли лаҳзаларга тўла бўлган даврда футбол оламида ҳам алоҳида қайд этиш учун етарлича воқеалар рўй берди. Tribuna.Uz ўтган йилнинг энг асосий воқеаларини тузиб чиқди.
Йил жамоаси — «Монако»

Ҳа, улар қуйи дивизиондан чиқиб дарҳол чемпионатни ютиб кетгани йўқ. Ҳа улар кетма-кет йигирматалаб ўйинни ютгани йўқ, ҳа улар кетма-кет икки марта ЕЧЛда ғалаба қозонишдек ишнинг ярмини ҳам бажара олишмади. Аммо Леонарду Жардим шогирдлари кўрсатган футбол ҳали ҳамон футбол турли пуллар ва шиширилган имкониятлардан устунроқ эканини кўрсата олди. Катта тезлик, юқори энергияга асосланган футбол эвазига жамоа ақлбовар қилмас пуллар сарфлаётган «ПСЖ»ни чемпионатда 8 очкога ортда қолдириб кетди. Европа чемпионлар лигаси ярим финалига қадар етиб борди. Буларнинг барчасига ультра-ҳужумкор ўйини билан эришгани таҳсинга сазовор.
Ҳа, айтганча, жамоа чемпионатда кетма-кет 16 учрашувда ғалаба қозониб, Франция рекордини ўрнатди. Лекин асосийси булар эмас. Энг асосийси «Монако» бу сафар «юлдузлар фабрикаси» ролини ўйнаб берди ва футбол оламига бир қатор янги юлдузларни етказиб берди. Килиан Мбаппе, Бернарду Силва, Бенжамен Менди, Фабиньо, Тома Лемар, Тиемуэ Бакойоко каби футболчиларни бир йил олдин кўпчилик танимасди. Аммо айнан 2017 йил улар кўрсатган ўйин билан икки марта кетма-кет ЕЧЛда ютган «Реал»нинг ва тотал футбол билан ҳаммани ҳайрон қолдираётган, енгилмас «Манчестер Сити»ни сояда қолдириб кета олди.
Йил инқилоби — VAR

ФИФА ёзда футболда инқилоб — янги технологиялар олиб кирилишини маълум қилди. Эндиликда учрашувда ҳакамлар видеотакрорлар ёрдамида ўйинларни бошқариши мумкин бўлди. Аввалига Россияда ўтган Конфедерациялар кубогида бу технологиялардан фойдаланиб кўрилди. Эндиликда Германия, Италия ва Шимолий Америка миллий чемпионатларида бу тизимдан тўлиқ фойдаланилмоқда. Кўринишидан ўйин темпини ўлдириб қўйиши мумкиндек кўринган бу янгилик қайсидир ўринда одилона қарорлари билан ҳам қўл келди. Ҳозирча баъзи саволлар ҳам мавжуд. Лекин энг асосийси, келаётган йилда футбол оламининг энг нуфузли мусобақаси - жаҳон чемпионатида ҳам бу технологиялардан фойдаланиши кутилмоқда. Шунингдек, Испания чемпионати ҳам бу борада деярли бир тўхтамга келди. Афтидан, бу тизим буткул йўқолиб кетмаслиги аниқ. 2017 йил эса унинг туғилиши сифатида тарихда қолади.






















