«Сити» ва «Ливерпул» ютқазди, «Барса»да йирик ғалаба. Кун ўйинлари
|16:38 / 23.11.202510 13117 мин
«Ливерпул» 12 ўйиндан ярмида ютқазиб, турнир жадвалининг иккинчи қисмига тушиб кетди. «Бавария» қутурмоқда, «Наполи» яна пешқадам. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
«Ливерпул» чўкишда давом этмоқда. «Астон Вилла» устидан ғалаба ва ЕЧЛда «Реал» билан кўрсатилган намунали ўйин ортидан кетма-кет йирик ҳисобдаги мағлубиятлар қайд этилди. Ўтган турда «Манчестер Сити»га 0:3 ҳисобида ютқазган Слот шогирдлари бу турда ўз майдонида ҳам 3 та жавобсиз гол ўтказиб юборди. Ҳолбуки рақиб турнир жадвалининг қуйи қисмидаги «Ноттингҳэм» эди. Мерсисайдликлар тарихида АПЛда қаторасига икки йирик мағлубият узоқ 1965 йилда рўй берганди.
Мавсум бошидан буён икки бош мураббийни ишдан бўшатган «ўрмончилар» Шон Дайч келгач, яна ҳимоявий ўйнашга ўтди, аммо бу сафарги ўйинда айнан ҳимоячилар ҳужумда фаол бўлишди. Биринчи бўлимда Мурилло стандарт вазиятдан ҳисобни очганди, иккинчи бўлим бошида Савона бошқа бир латерал Уилямснинг узатмасини голга айлантирди. Ва фақат учинчи гол «Ноттингҳэм»нинг энг ҳужумкор футболчиси Гиббс-Уайт номига ёзилди. «Ливерпул» эса ҳужумда ҳеч нарса ўйлаб топа олмади, ёздаги энг қимматбаҳо трансферга айланган Исак эса фақат клуб учун минусга ишламоқда. У мерсисайдликлар сафида АПЛдаги дастлабки тўрт ўйинида ҳам ютқазган илк футболчига айланди.
«Челси» эса «Бёрнли»га қарши ўйиннинг биринчи бўлими охирларида босимни кучайтирди ва мақсадига эришди. Кукуреля марказий форвард ролида пайдо бўлиб, анча ичкаридан узатилган пасдан кейин тўпни ўзига бўйсундириб, ҳужумни давом эттирди, Байно-Гиттенснинг узатмасини эса Педру Нету бош билан голга айлантирди. Португалиялик вингер яна гол уриши мумкин эди, аммо унинг зарбасидан кейин тўп устунга борди. Иккинчи бўлим охирларида эса Энцо Фернандесга иккинчи голни уриш учун ҳеч нарса тўсқинлик қила олмади. Бу ғалабадан кейин Энцо Мареска шогирдлари иккинчи ўринга кўтарилди.
«Сент-Жеймс Парк»даги ўйин кутилганидек меҳмон жамоага катта қийинчилик туғдирди, стадионга йиғилган мухлислар биринчи бўлимнинг ўзидаёқ гол кўриши мумкин эди (Opta ҳисобига кўра, жамоалар жами 7 та яққол вазият яратишган), Доннарумма бир неча бор жамоасини қутқарди, 31-дақиқада эса Барнс бўш дарвозани ишғол этолмади.
Ўз навбатида, «шаҳарликлар» сафида Ҳоланд ва Фоден ҳам қулай имкониятлардан фойдалана олмади. Иккинчи бўлимда эса Барнс барибир ўз мақсадига эришди ва «Нюкасл»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди, аммо «Манчестер Сити» бир неча дақиқа ўтиб Диашнинг зарбаси эвазига ҳисобни тенглаштирди. Аммо меҳмонларнинг қувончи узоққа чўзилмади ва Барнс дублни расмийлаштирди.
Хосеп Гвардиола дарҳол уч футболчини алмаштирди (Рейндерс, Оскар Бобб ва Савинио туширилди) ва «Сити» ташаббусни қўлга олди. Кейинги 10 дақиқаликда меҳмонларнинг тўпга эгалик қилиш кўрсаткичи 91 фоизгача етди. Савиниода жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолиш учун яхши имконият юзага келди, аммо унинг яқин масофадан йўллаган зарбаси юқоридан ўтиб кетди. Ҳакам ўйинга саккиз дақиқа қўшиб берди, аммо Эдди Ҳау шогирдлари матонат кўрсатиб, ғалабали ҳисобни сақлаб қолишди. Натижада Гвардиола шогирдлари учинчи ўринга тушиб кетди, бугун «Арсенал» Лондон дербисида ғалаба қозонадиган бўлса, «Сити» билан орадаги фарқни 7 очкога (иккинчи ўринга кўтарилиб олган «Челси» билан эса олти очкога) етказади.
Испания: «Барселона» «Камп Ноу»га қайтишини йирик ғалаба билан нишонлади
«Барселона» 909 кун ўтиб «Камп Ноу»га қайтди ва мухлислари учун ҳақиқий байрам уюштириб берди. Стадионга йиғилган 45 минг мухлис 4-дақиқадаёқ Левандовскининг тезкор голини нишонлади. Формасини тиклаб, яна олдинги даражасига қайтаётган Ямал эса икки бор тривела услубидаги паси билан Торресни голли вазиятга чиқарди. Ферран — 2025 йил бошидан ҳисобланганда, энг сермаҳсул испан футболчисига айланди, у бу даврдаги голлари сонини 22 тага етказди. Каталонияликлар ўйин давомида 19 зарба берди ва йирик ҳисобдаги ғалабага эришди.
Яна бир эътиборли жиҳат, шу куни Ҳанси Флик бошланғич таркибда тўққиз нафар маҳаллий футболчини туширганди. Бунақаси кўк-анорранглилар жамоасида 2014 йил январидан буён кузатилмаганди, ўшанда ҳам Херардо Мартино тўққиз нафар испан футболчисини бошланғич таркибга киритганди. Флик бу натижани такрорлашида жароҳат туфайли икки ой ўйнай олмаган Жоан Гарсиянинг сафга қайтиши қўл келди.
Шу куни икки ойлик танаффусдан кейин Рафиня ҳам майдонга тушди.
Бу ғалабадан кейин каталонияликлар камида «Реал»нинг якшанба кунги ўйини якунига қадар турнир жадвалида биринчи ўринга чиқиб олди.
Жерар Морено яна гол уриб, голли сериясини тўрт ўйинга етказди. Аммо унинг тезкор голи ғалаба кафолати бўла олмади. «Вилярреал» икки дақиқа ўтиб жавоб голини ўтказиб юборди ва жиддий муаммоларга тўқнашди. «Сариқ субмариналар» фақат ўйин охирида ғалаба голини уришди ва тур якунларига кўра учинчи ўринни ўзида сақлаб қоладиган бўлишди, «Малйорка» ҳимоячиси қанотдан узатилган пасдан кейин тўпни узоқлаштиришда хатога йўл қўйди ва Олувасейи осонлик билан дарвозани ишғол этди.
«Фиорентина» ва «Ювентус» учрашуви мезбонларнинг собиқ футболчиси Влаҳович манзилига қаратилган ҳақоратлар туфайли тўхтатилиши мумкин эди. Мезбон жамоа фанатлари дастлабки огоҳлантиришни эътиборсиз қолдиришди ва сербиялик форвард пеналти ишлаш умидида жарима майдонида йиқилгач, янада катта куч билан ҳужумга ўтишди. Видеотакрордан кейин 11 метрлик жарима зарбаси бекор қилинди. Влаҳович Пабло Маридан қочиб кетиб, дарвозабонни ҳам алдаб ўтиб, бўш дарвозани ишғол эта олмаганида эса, трибуналардаги мухлислар худди ўз жамоаси гол ургандек хурсандчилик қилишди.
Ва барибир биринчи бўлим «Ювентус» ҳисобига ёзилди, бўлимга қўшиб берилган олтинчи дақиқада Костич олис масофадан идеал зарба йўллади. Бянконерилар танаффусга аъло кайфиятда йўл олишди, аммо улар ўйиннинг иккинчи бўлимини яхши ўтказа олишмади. Аввалига дарвоза тўсинини пойлаган Мойзе Кин бироз ўтиб Мандрагоранинг голига узатма берди. Туринликлар Лучано Спаллетти бошқаруви даврида ҳам дуранг ҳисоблардан қутула олмаяпти (унинг давридаги учинчи дуранг) ва турнир жадвалида 6-ўринда қолмоқда.
«Наполи» халқаро танаффусдан олдин барча турнирлар доирасида қаторасига уч ўйинда гол уролмаган, А Серияда «Болоня»га ютқазиб, пешқадамликни бой берганди. Амалдаги чемпионлар ажойиб қайтишни амалга оширишди ва бу мавсумда ўзига ўхшамаётган «Аталанта»га қарши ўйинни биринчи бўлимдаёқ ҳал қилишди. Замбо-Ангиссанинг жароҳати туфайли бошланғич таркибдан ўрин олган Давид Нерес ишончни оқлади, у аввалига Ҳойлунднинг пасидан кейин ҳимоячилардан қочиб кетиб, ҳисобни очди, кейин эса меҳмонлар дарвозабони Карнесеккининг ҳимоядан чиқишда йўл қўйган хатосидан бошланган ҳужумга ҳам гол билан нуқта қўйди. Бўлим сўнгида Ланг ҳисобни йириклаштирди ва иккинчи бўлим қуруқ расмиятчиликка айланди. Энди «Наполи» камида рақобатчиларнинг якшанба кунги ўйинлари якунига қадар турнир жадвалида пешқадам бўлиб қолади, Антонио Конте шогирдлари Европада кучли бешликнинг 2025 йилда бирорта уй учрашувида ютқазмаган ягона жамоаси бўлиб қолмоқда.
«Бавария» халқаро танаффус арафасида «Унион» майдонида дуранг ўйнаб (2:2), ғалабали сериясини тўхтатганди. Шанба куни «Алянц Арена»даги ўйиннинг 17-дақиқасига келиб таблода 0:2 рақамлари порлай бошлаганида, айримлар чемпионларда инқироз юзага келгани ҳақида ҳам ўйлади. Аммо бу фақат иллюзия бўлиб чиқди ва Олисе барча шубҳаларни йўққа чиқарди. У жамоасининг 6 голидан 5 тасида иштирок этди (2+3). Олисенинг бенефиси биринчи жавоб голини урган Карлга узатма билан бошланди. Бўлим охирида эсаўзи гол уриб, мувозанатни тиклади, танаффусдан кейин унинг бурчакдан узатмасини Упамекано голга айлантирди, кейин Жексонга голли узатма берди, охирида ўз услубидаги айланма зарбаси билан олис бурчакни нишонга олиб, ўйинга якуний нуқтани қўйди. Бавария машинаси тўхташ ҳақида ўйламаяпти. Венсан Компани шогирдлари Германия чемпионатида 43 турдан буён биринчи ўриндан тушгани йўқ.
Турнинг марказий баҳси ҳаддан ташқари ёрқин кечди. «Штутгарт»«Боруссия» майдонида икки бор камбэк амалга оширди ва мезмонларни очколардан маҳрум қилди. Меҳмонлар сифатли ўйин ва мустаҳкам характер намойиш этишди. Дортмундликлар биринчи бўлимни икки гол устунлиги билан якунлаганди, аммо ўтган турда ҳам дубл қайд этган Дениз Ундав икки гол уриб, орадаги фарқни йўққа чиқарди. Адейеми 89-дақиқада мезбонларни яна ҳисобда олдинга олиб чиқди ва «Сигнал Идуна Парк» ғалабани нишонлашга тайёргарлик кўра бошлади. Аммо меҳмонлар бу зарбадан синиб қолмади ва қўшимча дақиқаларда Ундав ҳет-трикни расмийлаштирди. Энди «Боруссия» ушбу форвард учун фаолиятидаги энг севимли клубга айланди (5 гол).
«Монако» қаторасига учинчи ўйинда ютқазди (қаторасига иккинчи ўйинда йирик ҳисобда) ва турнир жадвалида пастга шўнғишда давом этди. «Ренн» майдонидаги ўйин Закариёнинг қизил карточкасидан кейин амалда ҳал бўлди. Аммо ўйинда мухлислар учун ижобий воқеа ҳам рўй берди: монегаскликлар бош мураббийи Себастян Поконоли ўйиннинг 85-дақиқасида Пол Погбани майдонга туширди. Антидопинг қоидаларини бузгани учун дисквалификацияга учраган франциялик 32 ёшли яримҳимоячи учун бу 2023 йил 3 сентябрдан буён илк ўйин бўлди.
Луис Энрике ЕЧЛ ўйинидан олдин ўз одатига кўра қатор етакчиларга дам берди. Парижликлар аралаш таркибда ўйнаганига қарамай, йирик ҳисобда ғалабага эришди. Бошланғич таркибда тушган Нуну Мендеш Ли Кан Инни гол пас билан таъминлади. Халқаро танаффус вақтида Португалия сафида ҳет-трик қайд этган Жоау Невеш эса Барколя уюштирган ҳужумдан кейин дарвозабондан қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келди. Иккинчи гол мезбонлар учун жуда муҳим эди, чунки бунгача дарвозабон Шевале «ПСЖ»ни қутқаришига тўғри келди, ҳисоб 2:0 ҳолатида эса Сумаренинг зарбаси дарвоза устунига борди. Ўйин охирида Барколя барибир ўз мақсадига эришди ва захирадан ўйинга қўшилган Кварацхелия ёрдамида учинчи голни урди. Бу ғалабадан кейин парижликлар «Марсел»дан биринчи ўринни қайтариб олишди.