Шавкат Мирзиёев: «Ҳокимлар энди пахта билан шуғулланмайди»
Бугун Тошкент вилоятида халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда. Сессияда иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳокимларнинг вазифа ва мажбуриятлари ўзгартирилиши ҳақида гапирган.
«Ҳокимлар пахта билан шуғулланмайди. Таълим ва маънавият билан машғул бўлади. Пахтани кластер тизими орқали экамиз. Бу йил вилоятдаги 4та туманда кластер бўлади», дея президентнинг сўзларини келтирган «Xabar.uz».
Президент шунингдек, Тошкент вилоятидаги муаммолар, уларни ҳал этиш йўллари ҳақида гапирган, масъулларга бу борада тегишли топшириқлар берган.
«Вилоятнинг 7 та шаҳридаги муаммолар билан Бош вазир ва Тошкент шаҳар ҳокими шуғулланади. Шаҳарлар уларга бўйсунади. Агар шундаям ўзгариш бўлмаса, вилоятни иккига бўламан. Вилоятдаги шаҳарлар Тошкент шаҳридаги раҳбарларга бўйсунади. Сектор раҳбарлари ҳар куни Бош вазирга ахборот беради. Ҳамма ишнинг тагида халқни рози қилиш туради. Агар раҳбарлар яна вилоят ҳокими атрофида уюшмаса, вилоят иккига бўлинади», деб айтган Ўзбекистон раҳбари.
Президент видеоселектор давомида Республика Бош прокурори ва Ички ишлар вазирига вилоят прокурори ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғини ишдан олиш ҳақида топшириқ берган.
Шунингдек, Тошкент вилоятидаги 4та туманнинг солиқ ва молия бўлимлари раҳбарлари ёппасига ишдан кетиши маълум қилинган.
Президент маҳаллий бюджетни ўнглаш ҳақида куюниб гапирган.
«Маҳаллий бюджетга солиқ тушумини бажармаган 4та туманнинг солиқ ва молия бўлимлари раҳбарлари ёппасига ишдан кетади. Интернетда эълон қил, уларнинг ўрнига одам топ!», дея давлат раҳбарининг сўзлари келтирилган хабарда.