Light | 22:34 / 06.01.2018
24736
12 дақиқада ўқилади

2018 йилда қайси компанияларнинг инқирозга юз тутиши кутилмоқда?

Ars Technica ҳар йили 2018 йилда инқирозга учраш эҳтимоли юқори бўлган компания ва брендларнинг рўйхатини тақдим этади. Унга турли (иқтисодий, маданий ёки технологик) сабабларга кўра фаолияти хавф остида бўлган лойиҳалар киради. Нашр компанияларнинг жорий йилда ёпилиши аниқ дея таъкидлаётгани йўқ, чунки ҳар қандай ташкилот инқирози кўп йилларга чўзилиши мумкин.

Рўйхатга ҳеч бўлмаганда қуйидаги муаммолардан бирига дуч келган компаниялар киритилади:

  • компания узоқ вақт бозордаги улушини йўқотади;
  • молиявий қийинчиликларни бошидан ўтказади ёки даромадларни йўқотади;
  • бошқарувда муаммоларга дуч келади, ишончли бизнес-модель ёки узоқ муддатли стратегияга эга эмас.

2017 йилда Ars Technica Deathwatch рўйхатига Yahoo, Yik Yak аноним мессенжери, Twitter, Theranos тиббиёт компанияси, HTC, Gearbox Software ўйин студияси ва Blackberry смартфонлари ишлаб чиқарувчиси киритилди.

Yahoo компанияси 2017 йилда ўзининг асосий бизнесини сотди ва деярли ўз фаолиятини тўхтатди, Altaba'га айланди, Yik Yak мессенжери ёпилиши ҳақида эълон қилди. Blackberry ва Gearbox Software йилни "жимгина", ортиқча янгиликларсиз ўтказишди, Twitter ва HTC эса яна нашр рўйхатидан жой олди. 2018 йилда нашр таҳририяти унга олти компанияни киритди.

Uber

"Атиги бир йил аввал Uber истиқболлари нормал кўринишда эди. Компания АҚШдаги ташув бозорида етакчилик қилди ва бутун дунё бўйлаб кучли позицияларни эгаллайди. У яқиндагина мустақил бошқарувли Otto  автомобилларни ишлаб чиқарувчи стартапни "ютиб юборганди" ва ҳатто учар машиналарни яратиш билан ҳам шуғулланган", - деб ёзади Ars Technica.

2017 йилда компанияда барчаси ўзгарди — у қатор можароларга алоқадор бўлиб чиқди: Alphabet'га қарашли  Waymo компанияси Uber'ни судга берди ва сервис раҳбариятини ҳайдовчисиз транспорт технологиясини ўғирлаганликда айблади. The New York Times нашри Uber'га сервис фаолияти расман таъқиқланган шаҳар ва мамлакатлардаги ҳукумат ҳамда полицияни чалғитишда ёрдам берувчи Greyball ички жиҳози ҳақида сўзлаб берди.

Uber'нинг собиқ ходими Сьюзан Фаулер ўз постларидан бирида компаниядаги салбий муҳитни таърифлаб, стартапда ички тергов йўлга қўйилишига сабаб бўлган. Июнда Трэвис Каланик Uber бош директори лавозимини тарк этган эди. Унинг ўрнини Expedia туристик сервиси директори Дара Хосровшахи эгаллади.

Фото: Reuters

Шунингдек манбада таъкидланишича, Uber йил сайин миллиардлаб камомад кўришда давом этмоқда — 2017 йилнинг учинчи чорагидаёқ компаниянинг соф даромади Reuters маълумотларига кўра, 1,46 миллиард долларни ташкил қилди. 2016 йилда Uber'нинг камомади 2,8 миллиард долларни ташкил қилди, 2018 йилда эса, таҳлилчилар тахминига кўра, бу кўрсаткич фақат ўсиши кутилмоқда. 2017 йилнинг ўртасида компания ҳисобида 6,6 миллиард долларга яқин маблағ қолган — Ars Technica тахминига кўра, бу кўпга етмайди, ҳатто декабрдаги Softbank инвестициялари ҳисобга олинганда ҳам.

2018 йилда Uber'нинг олдида икки асосий вазифа турибди: йўқотишларни камайтириш усулини топиш ва даромадга чиқиш — ва имкон қадар тезроқ саёҳатларни сезиларли даражада арзонлаштириш имконини берувчи ҳайдовчисиз автомобилни ишлаб чиқаришни охирига етказиш. "Компаниянинг бошқарув аппарати деярли барбод бўлган, Waymo билан боғлиқ суд иши ҳали ҳам тугамаган — бу осонгина битадиган иш эмас", - деб ёзилади нашрда.

 

Twitter

2017 йилда Twitter микроблоглари сервиси ҳам Ars Technica рўйхатидан жой олди. "Биз биладиган ижтимоий тармоқ фаолияти секин-аста йўқолади ва бу ерда гап интерфейснинг ўзгариши ёки янги функцияларнинг пайдо бўлиши ҳақида эмас", - дейилади манбада.

Фото: Reuters

2017 йил бошига бориб, Twitter инвесторлар маблағларини тезда йўқотди, 2017 йилда унинг фаолият суръати бироз секинлашган бўлса-да, сервисда ҳануз камомад кузатилмоқда. Компания бир йилда ўз маблағларининг учдан бирини йўқ қилади, даромадга чиқиш ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади, дейилади Ars Technica'да.

Ижтимоий тармоқ токсик фойдаланувчилар ва изоҳлар билан фаол кураша бошлади, бироқ бу йўналишда компания ҳеч қачон улгурмаслиги мумкин. Facebook, Instagram ва бошқа ижтимоий тармоқлар ҳам шу каби муаммоларга қарши курашмоқда. Facebook бу ишни Twitter'дан яхшироқ уддаламоқда.

 

Faraday Future

"Faraday Future компаниясининг тарихи — такаббурлик ва исрофгарчиликнинг зарарига яққол мисол", - деб ёзади Ars Technica. Лойиҳани "Tesla қотили" деб аташди, у жамоага BMW'нинг дизайн бўлими раҳбари ва "Формула 1"даги  Ferrari жамоаси раҳбарини жалб қилишга муваффақ бўлди.

2016 йилнинг бошида Faraday Future CES кўргазмасида биринчи марта ўз автомобили концептини намойиш этган. "Агар сиз "Tesla қотили"ни кўрсатишга ваъда берсангиз — бу эса бизнинг эмас, компания раҳбариятининг сўзлари, — яхшиси ишлайдиган автомобилни кўрсатинг", - деб ёзади Ars Technica. Унинг кетидан автомобилларга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган бир неча янги анонаслар бўлди: Невада ва Сан-Францискодаги фабрика қурилиши, "Формула Е" мусобақаларида иштирок этувчи пойга жамоаси билан ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома тузилиши.

Фото: Reuters

CES 2017 кўргазмасида компания ўзининг илк FF91 серияли автомобилини намойиш этди ва у кўп журналистларнинг хафсаласини пир қилди. Шундан сўнг ОАВда компаниядаги маблағ етишмаслиги билан боғлиқ мураккаб вазият ҳақидаги янгиликлар пайдо бўлди.

"Йил охирига бориб Faraday Future мураккаб вазиятда қолди: фабрика қуришга доир режаларни тўхтатишга тўғри келди, ходимлар компанияни тарк эта бошлашди, "Формула Е" жамоаси билан шартнома эса бекор қилинди. Атиги бир неча кундан кейин CES кўргазмаси бошланади, стартап эса оммани нима билан ҳайратга солишни билмайди. Шундай бўлса-да, компания секингина йўқ бўлиб кетмайди — декабрь ўрталарида компания ўз ишланмалари учун яна 1 миллиард доллар топгани ҳақида эълон қилди".

 

LeEco

LeEco ва Faraday Future компаниялари раҳбари — хитойлик ишбилармон Цзя Юэтин. "LeEco — 2017 йилнинг яна бир катта таназзули. Электроника ишлаб чиқарувчиси АҚШ бозорига чиқишга ҳаракат қилди ва турли ваъдалар берди, уларнинг аксарияти эса амалга ошмай қолиб кетди. Афтидан, бу қонунчиликка айланиб бормоқда", - деб ёзади Ars Technica.

LeEco қурилмаси кўп жиҳатдан Alphabet холдингини ёдга солади, дея давом этади таҳририят. Холдингнинг асосий бизнеси бор — Хитойдаги энг йирик Le.com видеостриминг сервиси — "Хитой Netflix'и". Компания гуруҳига шунингдек LeTV видеосервиси, Le Vision Pictures киностудияси, LeMusic мусиқий компанияси, LeRan Investment Management инвестицион фонди, VR-технологиялар билан шуғулланувчи LeVR, LeMall интернет-дўкони ва кўплаб бошқа бўлимлар киради.

Фото: Reuters

LeEco — холдингнинг электроника (смартфонлар, телевизор ва бошқа қурилмалар) ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи бўлими.

2016 йилда LeEco АҚШ бозорига чиқишга ҳаракат қилди. У Vizio телевизорлар ишлаб чиқарувчиси билан ҳамкорлик ҳақида эълон қилди, Yahoo'дан 250 миллион долларга шахсий штаб-квартира учун ер харид қилди ва унда 12 минг ходим учун қандайдир EcoCity қуришни режалаштираётгани ҳақида маълум қилди. 2016 йилнинг октябрида компания Сан-Францискода анжуман ўтказиб, унда бозорга чиқиш ҳақида эълон қилди ва ўзининг янги маҳсулотларини намойиш этди.

Анжумандан бир неча кун ўтиб, компанияда муаммолар борлиги маълум бўлди. Бош директор Цзя Юэтин ўз ходимларига йўллаган мактубида LeEco ҳаддан ташқари юқори марралар кўзлангани, ресурслар эса чекланганини қайд этди. Vizio билан ҳамкорлик шартномаси бекор қилинди, LeEco'нинг ўзи эса ундан воз чеккани учун 100 миллион доллар тўлашдан бош тортди ва бу судда иш очилишига сабаб бўлди.  Компания шунингдек Сан-Францискода қўлга киритган ерини сотишига ва АҚШдаги штатини 85 фоизга қисқартиришига тўғри келди.

Декабрь ойи охирида Хитой суди Юэтиннинг банк ҳисоб рақамларидаги 1,3 миллион юандан (200 минг доллар) ортиқ маблағи ва бошқа активларини, жумладан кўчмас мулкни ҳам ҳибсга олди. LeEco'нинг Америкадаги сайти ишлашдан тўхтади. Компаниянинг Америкадаги бўлимида 60 нафаргина киши қолди, деб ёзади Ars Technica. "Холдингнинг тақдири ҳозирча аниқ бўлмаса-да, LeEco'нинг АҚШ бозорига чиқишга доир режалари билан хайрлашиши аниқ".

 

HTC

HTC компанияси 2016 йилда ҳам, 2017 йилда ҳам Ars Technica рўйхатига тушганди. 2017 йилда компания ўз бизнесининг бир қисмини Google'га 1,1 миллиард долларга сотди. Сотувлардан тушган пуллар компанияга тахминан 3,5 йилга етади, деб ҳисоблайди  Ars Technica.

Бироқ шартнома HTC учун нафақат маблағни қўлга киритиш, балки Google'ни мижоз сифатида йўқотишга ҳам олиб келади, дея давом этади нашр. Компания смартфонларни ишлаб чиқаришда давом этишини таъкидламоқда, бироқ мақсадли аудиторияни йўқотиш 2 минг кишини ташкил қилиши бизнесга таъсир кўрсатмай қолмайди, деб ҳисоблайди Ars Technica.

Фото: Reuters

Шу билан бирга, HTC'нинг Valve ўйин компанияси билан ҳамкорликда Vive виртуал реаллик дубулғаларини ишлаб чиқарувчи VR-бўлимлари бор. "Бироқ аслида HTC компанияси Vive технологияларига эга эмас. Valve баъзи технологияларга бепул киришни тақдим этади, дубулға ичидаги дисплей ва линзалар Valve ва Samsung томонидан яратилган.

Бундан ташқари, Valve  ўзининг SteamVR платформасини яратиш устида ишламоқда, у HTC'га тобеълик даражасини камайтиради. HTC рақиблари эса бу пайт шахсий VR-қарорларни ишлаб чиқаради — масалан, Facebook'га тегишли Oculus лойиҳаси.

2017 йилнинг августида Bloomberg'да HTC компанияси Vive бўлимини сотишни режалаштираётгани маълум қилинганди. "Эҳтимол, HTC'нинг ўз фаолиятини давом эттириш учун маблағи бордир, бироқ Google'нинг маблағларига бирор аҳамиятли компанияни қуриш мумкинмикан?", - дея ёзади Ars Technica.

 

SoundCloud

2017 йилнинг июлида SoundCloud мусиқий сервиси ўз штатининг 40 фоизга қисқаргани ҳақида эълон қилади. Лойиҳа раҳбарияти маблағ ишлашга ёрдам берувчи бизнес-моделни топа олмади. Бироқ август бошида компания инвестицияларнинг янги раундининг жалб қилиниши ва бош директорнинг ўзгариши ҳақида маълум қилди — компаниянинг янги бош директори собиқ Vimeo директори Керри Трейнор бўлди.

Фото: Reuters

Трейнор SoundCloud'ни стриминг моделдан узоқлаштириш ва ижрочилар учун жиҳозлар яратишга эътибор қаратишни режалаштирмоқда. Ars Technica фикрича, асосий масала - компаниянинг пул тугагунга қадар даромад ола бошлашга улгуриш ё улгурмаслигида.

Мавзуга оид