Light | 22:58 / 06.01.2018
73091
3 дақиқада ўқилади

Хитойлик миллионер-фаррош

Фото: Sixth Tone

Хитойнинг Чунцин шаҳрида яшовчи миллионер Чжун Цунжун 3 йилдан бери ҳар куни кўчаларни чиқиндилардан тозалаш билан шуғулланиб келади: у ўз мисолида атроф-муҳит ҳақида қайғуриш муҳимлигини кўрсатмоқчи. Бу ҳақда Sixth Tone хабар бермоқда. 

Цунжун ҳар куни чиқиндиларни йиғиш учун қисқичлар билан уйи олдидаги кўчага чиқиб, у ерни чиқиндилардан тозалайди. 51 ёшли хитойлик шу антиқа “хоббиси” сабабли “миллионер-фаррош” номини ҳам олган. Цунжуннинг асосий фаолияти эса кўчмас-мулк, ишлаб чиқариш ва автомобиль сотиш билан боғлиқ.

Бой эркакнинг бу одати одамлар эътиборини жалб қилди: кўпчилик унинг самимийлигига шубҳа қилиб, уни ўзини пиар қилишда айблаган. Бироқ эркакнинг айтишича, унинг ниятлари холис ва одамларни уларнинг бойлиги билан баҳолаш керак эмас.

“Кўчани ифлослантиришимиз билимимиз, ёшимиз, келиб чиқишимиз ва ижтимоий-иқтисодий мавқеимизга боғлиқ эмас”, деб айтган тадбиркор.

Миллионерни бундай йўл тутишга Цинхуа университети профессори илҳомлантирган. У профессорни 2015 йилда Хайнань оролида дам олганда учратган. Пенсияда бўлган профессор 4 йилдан бери пляждаги чиқиндиларни йиғиш билан шуғулланган. Бундан илҳомланган Цунжун таътилдан қайтгач, ҳовлисини тозалай бошлаган. 

Эркак ўз қўл остидагиларни ҳам ундан ўрнак олишга чақиради. Агар унинг корхоналаридаги ходимлар атроф-муҳитни ифлослантирсалар, 10 юан (1,5 доллар) билан жазоланадилар. Тадбиркорнинг айтишича, чиқиндилар муаммосини бир лаҳзада ҳал қилишнинг имкони йўқ, бунинг учун жиддий чоралар зарур.

“Хитойга одамлар атроф-муҳитни ифлослантирмасликлари учун қаттиққўл қонунлар зарур. Хитойликлар шарманда бўлишдан қўрқадилар. Улар жаримага тортилишдан кўра шарманда бўлишдан кўпроқ ташвишланадилар”, деб айтмоқда миллионер.

Чжуннинг рафиқаси ва фарзандлари дастлаб унинг бу одатидан уялиб юришган. Улар ҳаттоки у билан бирга омма олдида кўринишдан бош тортганлар. Бироқ улар ўзлари яшайдиган ҳудуд тозароқ кўринишга келиб, қўшнилар Чжунни мақтай бошлаганларидан кейин фикрларини ўзгартирганлар. Ҳозирда Чжуннинг рафиқаси ҳам унга кўчаларни тозалашда ёрдам беради.

“Одамлар ўзини тутишни ўзгартирмагунча, кўчалар уларни қанча одам тозаламасин, ифлос бўлиб қолаверади. Ягона ечим – одамларга атроф-муҳитни ифлослантиришнинг салбий оқибатлари ҳақида сўзлаб ва улар бундан хулоса чиқариб, ўз хатти-ҳаракатларини ўзгартиришларига умид қилишдир”, деб айтмоқда миллионер-фаррош.

Мавзуга оид