Ўзбекистон | 00:22 / 07.01.2018
32169
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев «​халқда умид учқуни пайдо бўлгани»​ ҳақида айтди

Фото: Президент матбуот хизмати

5 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессия бўлиб ўтди. Унда давлат раҳбари вилоятда ислоҳотлар ва вазифаларни бажарилишига танқидий баҳо бериб, ўзининг мулоҳазаси билан ўртоқлашди.

«Берган пуллар ҳам ўзлаштирилмаяпти. 200 миллион доллар, 50 миллион доллар, ўйламанг, бу пуллар кўчада ётмаяпти. Пул топиш, ойлик бериш - қийин. Мен, бугун, шифохонага кирганимда ўзимга савол бердим: одамлар розими? Каравотда (бемор - таҳр.) тўн кийган, совуқ... Шу даволаниш хонасими?», деб киноя билан таъкидлади давлат раҳбари.

Президент бир йилда икки нафар фарзандидан айрилиб қолган онанинг воқеаси ҳақида гапираркан, «у гапларни эшитишнинг ўзи қийин»лигини афсус билан такрорлади.

«Нега мен ўзим юраман? Ўйламангки, менинг вақтим кўп, эрталабдан кечгача юришимни - атрофимда бўлган ноинсофлар зора шу ишни қилсин, деб  бажараман. Битта нарсани англаб етишимиз керак: олдимизда ниҳоятда қийин вазифалар турибди. Бугун ишимизни қарсакбозлик, баландпарвоз рақамлар билан давом эттирсак, эртага халқ норози бўлади», деб фикрини давом эттирди Шавкат Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев ўтган 2017 йилда Ўзбекистон халқида салгина бўлса ҳам умид учқуни пайдо бўлгани, янграган ваъдаларга ишонч урчиганини айтиб ўтди.

«Курашга тайёр одамгина натижага эришади. Акс ҳолда у кетиши керак», – деб ҳукумат аъзоларини амалий ишга чақирди.

Сессияда вилоятдаги муаммоларни ҳал этиш ва сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлаш учун Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирликлар, компания ва банклар раҳбарлари, ҳокимлар амалга ошириши зарур бўлган қўшимча чора-тадбирлар белгилаб олиш зарурлиги яна бир марта такрорланди.

Мавзуга оид