Жамият | 08:45
684
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ва Самарқандда қарийб 6 кг наркотик модда мусодара қилинди

Тошкент вилояти ва Самарқанд вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида қарийб 6 килограмм наркотик модда мусодара қилиниб, гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланган бир неча шахслар қўлга олинди. Уларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона идоралари ходимлари ҳамкорлигида Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Жиноят кодексининг контрабанда ва гиёҳвандлик воситалари муомаласига оид моддалари бўйича қидирувда бўлган 1992 йилда туғилган шахс ушланди.

У томонидан ижарага олинган хонадон кўздан кечирилганда, ошхонадаги музлатгич ичида 151 грамм «опий», ҳожатхона шахтаси ичида эса 4 килограмм 971 грамм «гашиш» сақланаётгани аниқланди. Маълум қилинишича, мазкур наркотик моддалар қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб кирилган.

Шунингдек, ДХХнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси, Чегара қўшинлари ҳамда ички ишлар органлари ҳамкорлигида Ургут туманида ўтказилган тезкор тадбирда 2003 йилда туғилган икки нафар фуқаро шартли харидорга 932 грамм «гашиш» ва 2,5 грамм «опий» моддаларини 10 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларни гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ ҳолатларга дуч келганда 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирди. Қайд этилишича, мурожаат қилувчиларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид