Энг инновацион компаниялар рўйхати эълон қилинди
IFI Claims'нинг янги ҳисоботига кўра, 2017 йилги патентлар сони бўйича IBM - етакчи. Яна бир янгилик — топ-50 рўйхатига биринчи бўлиб Facebook кирди, деб ёзади TechCrunch.
IBM 25 йилдан буён биринчи ўринни эгаллаб келмоқда. Ўтган йили, IFI Claims маълумотларига кўра, унга 9043 Америка патенти берилди - бу 2016 йилдагига нисбатан мингтага ва энг яқин рақиби — Samsung Electronics патентларидан 3 мингтага кўпдир.
Энг инновацион 10 компания рўйхатида шунингдек Canon, Intel, LG Electronics, Qualcomm, Google, Microsoft, Taiwan Semiconductor Manufacturing Co (TSMC) ва Samsung Display номлари қайд этилди. Агар Samsung'нинг барча шўъба ва тобеъ компаниялари ҳисобга олинса (топ-1000 рўйхатига уч шундай компания киради), у патентлар сони бўйича IBM билан деярли тенглашади.
Шубҳасиз, патентлар ҳар доим ҳам компания даромадига таъсир кўрсатмайди, зеро барча илғор технологиялар ҳам бозорга чиқиш имконига эга эмас. Масалан, дунёнинг энг бадавлат компанияларидан бири ҳисобланган Apple ҳатто илк ўнталикка ҳам кира олмаган, у 2229 патенти билан 11-ўринда қайд этилган. Amazon эса 13-поғонани эгаллаган.
Шунингдек, IFI Claims'да энг яхши патентланган технологиялар ҳар доим ҳам мейнстримга кирмаслиги ва венчур инвесторлар эътиборига сазовор бўлавермаслиги қайд этилган.
Масалан, 2017 йилда патентлар сонининг энг кўп ўсиши электрон сигаретлар бозорида рўй берди - 45 фоиз. Унинг кетидан 3D-босма келган бўлиб, у асосан General Electric томонидан илгари сурилади. Ниҳоят, учинчи ўринда — сунъий интеллект, машина таълими ва ҳайдовчисиз транспорт воситалари. Етакчи — IBM. Тезкорлик билан ўсаётган бошқа технологиялар орасида ҳаво дронлари ва "фудтех"ларни қайд этиш мумкин.
Энг кўп патент маълумотларни қайта ишлаш ва уларни узатиш соҳаси бўйича берилган — 49 мингга яқин. Бу соҳага ДТ ҳам, ускуналар ҳам киради. Бу ерда ҳам IBM етакчи ҳисобланади.
Қолган тоифалар рақамли маълумотларни узатиш, яримўтказгичлар, симсиз алоқа ва график маълумотларни узатишни ўз ичига олган.
Мавзуга оид
20:45 / 12.11.2024
Англияда биринчи аккумуляторли поезд синовдан муваффақиятли ўтди. У соатига 120 км тезликка чиқди
17:37 / 12.11.2024
Ўзбекистон такси хизмати энг арзон давлатлар қаторига кирди
16:40 / 12.11.2024
Ўзбекистон сунъий интеллектга тайёрлик рейтингида Марказий Осиёда сўнгги ўринни эгаллади
16:52 / 07.11.2024