Ўзбекистон | 22:15 / 11.01.2018
48958
7 дақиқада ўқилади

Пропискасиз фуқароларни ишга қабул қилишни рад этиш билан боғлиқ амалиётга барҳам берилади

Фото: KUN.UZ

Давлат дастури доирасида пропискасиз фуқароларни ишга қабул қилишни рад этиш билан боғлиқ амалиётга барҳам бериш масаласи кўриб чиқилмоқда. KUN.UZ мухбири 11 январь куни "Тараққиёт стратегияси" марказида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари М.Ш.Истамовнинг сўзларига асосланиб, шу ва қатор ўзгаришлар ҳақида хабар берди.

Давлат дастурининг биринчи йўналиши - Давлат ва жамият қурилиш тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари Президентнинг Олий Мажлис палаталарининг қўшма йиғилишларида қилган мурожаатномалари асосида тузилган. Биринчи йўналиш уч бўлимдан иборат:

1. Халқ вакиллик органларининг ролини кучайтириш, яъни Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий кенгашларнинг роли  ва ваколатларини кучайтириш;

2. Давлат бошқарув тизимини ислоҳ қилиш;

3. Жамоатчилик бошқарув тизимини такомиллаштириш.

Булар орасида энг каттаси - ўз ичига 28 бандни жамлаган иккинчи бўлим, яъни давлат бошқарув тизимини ислоҳ қилиш ҳисобланади. Бу бўлимда иккита асосий устувор вазифа белгиланган:

1. Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш;

2. Фуқаролар ва юридик шахсларга кўрсатиладиган давлат хизматлари сифати ва тезкорлигини ошириш.

Маъмурий ислоҳотлар концепцияси доирасида қандай чора-тадбирлар назарда тутилмоқда?

1. Давлатнинг иқтисодиётдаги таъсирини камайтириш. Маълумки, бугунги кунда кўп давлат идоралари, вазирликлар тузилмаларида давлат унитар корхоналари фаолият юритади. Улар муайян соҳаларда тегишли тадбиркорлик фаолиятини амалга оширади. Бунинг салбий томони - давлат идораси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланар экан, у қайсидир маънода рақобатни чеклайдиган ҳолатларга дуч келишига тўғри келади. Рақобатга киришгандан кейин давлат идораси ўз функциясидан, ўз ваколатидан фойдаланиб, бошқа тадбиркорлик субъектларининг ролини чеклаши, қайсидир маънода ўзига тегишли давлат унитар корхонасига имтиёзлар бериши мумкин. Айнан шу туфайли давлат унитар корхоналари кўламини кескин қисқартириш масаласи қўйилган.

2. Айрим давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш масаласи илгари сурилмоқда. Барчага маълумки, автотранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш масалалари илгари ички ишлар идоралари томонидан ўтказилган бўлса, ҳозир бу функция секин-аста хусусий секторга ўтказилмоқда, шу йўналиш кейинчалик ҳам давом этади.

3. Номарказлаштириш, яъни давлат ваколатларини юқоридан туриб қуйи идораларга бериш. Бугунги кунда 64 та лицензия тури мавжуд бўлса, бор-йўғи 1 таси туман ҳокимлигида берилади, қолган 21 таси Вазирлар Маҳкамасида, 40 таси марказий идоралар томонидан берилади. Кўриб турганимиздек, 90 фоиздан зиёди - республика миқёсида бериладиган лицензиялар. Бу масалаларда халққа, тадбиркорларга қулай бўлиши учун барча ваколатлар қуйи бўғинга - вилоятлар ва туман ҳокимликларига берилиши назарда тутилган.

4. Давлат органларининг турларини аниқлаштириш. Бугунги кунда давлат бошқарув органлари тизимида вазирлик, давлат қўмиталари, агентликлар, инспекциялар фаолият юритади, лекин уларнинг аниқ бир чегара доираси белгиланмаган. Мана шу масалаларни аниқ белгилаш назарда тутилади.

5. Идоралараро коллегиал органларни қисқартириш. Бугунги кунда айрим давлат функцияларини бажаришда, масалан, рухсатнома ва лицензия беришда бу масалалар маълум бир идора томонидан эмас, балки кенгашлар, ички гуруҳлар, комиссиялар томонидан ҳал қилинади. Бунинг салбий томони - эртага нотўғри қарор қабул қилингани учун ҳеч ким масъул бўлмайди. Шунинг учун муайян бир идорани аниқлаштириш ва эртага нотўғри қарор қабул қилингани учун ўша идора ё мансабдор шахс масъулиятини белгилаш назарда тутилмоқда.

6. Бугунги кунда маълум бир соҳаларни назорат қиладиган айрим инспекциялар давлат бюджетидан эмас, балки ўзининг назорати остидаги хўжалик бошқарув органлари томонидан молиялаштирилади.

Давлат хизматлари сифати ва тезкорлигини оширишга доир қандай чора-тадбирлар назарда тутилган?

1. Халқ қабулхоналари негизида Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлар агентлиги ташкил этилди. Вилоят ва туманларда унинг тегишли бўлинмалари фаолияти йўлга қўйилди. Уларнинг барчаси ягона бренд - Халқ қабулхоналари бренди остида фуқароларга давлат хизматини кўрсатади. Халқ қабулхоналари биноларини қуриш бўйича давлат хусусий шериклик доирасида янги замонавий биноларни қуриш режалаштирилган. Ҳозирда унинг мутлақо янги, замонавий лойиҳаси устида ишланмоқда, Адлия вазирлиги томонидан хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилмоқда. Унинг ичида она ва бола хоналари, ногиронлиги бўлган шахслар қучун қулай муҳит, автомобиль тўхташ жойлари, фуқароларнинг ўз-ўзига хизмат кўрсатиш функциялари албатта бўлади.

2. Давлат хизматларини кўрсатишда янги инновацион технологияларни жорий қилиш назарда тутилмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагига қадар барча давлат хизматлари марказларини туман шаҳарларида жойлашган марказлар инфокиосклари билан тўлиқ таъминлаш.

3. Мобил давлат хизматларини йўлга қўйиш, яъни олис ҳудудларда яшайдиган фуқароларимиз учун махсус автотранспорт воситаларини харид қилинмоқда ва улар чекка ҳудудларга чиқиб, фуқароларимизга давлат хизматларини кўрсатади, унинг ичида албатта нотариус хизматлари ҳам мавжуд. Бундан ташқари, давлат хизматлари марказида электрон навбат кутиш, масофадан кузатиш тизимини йўлга қўйиш.

5. Давлат хизматлари ягона реестрини шакллантириш. Ҳозирда Адлия вазирлиги томонидан хатлов ўтказилмоқда. Мингдан ортиқ турли давлат идоралари томонидан кўрсатиладиган хизматлар аниқланди, уларнинг барчаси ягона реестрга киритилади ва 1-июндан бошлаб реестрга кирмаган бўлса, ҳеч бир давлат идораси бу хизматни кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлмайди, кўрсатган тақдирда, бу қонунга зид деб топилади ва тегишли жавобгарликни келтириб чиқаради.

6. 2018 йилда янги юридик шахслар учун 40 турдаги, жисмоний шахслар учун эса 19 турдаги  давлат хизматларини ягона дарча тамойили асосида кўрсатиш режалаштирилмоқда. Буларнинг қаторида, фуқароларимизнинг муҳандислик тармоқларига (газ, электр, канализация ва б.) уланиш, бино фасадини ўзгартириш, туғилганликни рўйхатга олиш, яъни метрикаларни бериш масалалари ҳам келажакда давлат хизматлари маркази орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

7. Давлат дастурида биринчи марта юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда. "Нима учун бу қонун лойиҳаси давлат  дастурига киритилди?" деган савол пайдо бўлиши мумкин. Жаҳон банкининг 2018 йилги бизнесни амалга оширишга доир рейтингида айнан тадбиркорларни рўйхатга олиш масаласи бўйича Ўзбекистон илғор давлатлар қаторида 11-ўринни эгаллаб турибди. Шу йўналишдаги барча масалаларни бир қонунда жамлаб, уларни қонун доирасида тартибга келтириш назарда тутилмоқда.

8. Фуқароларимизнинг мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш ва меҳнат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида турар-жой бўйича ҳисобга қўйиш ва ҳисобдан чиқариш масалаларида ҳам катта янгиликлар бўлиши кутилмоқда. Айниқса, пропискасиз фуқароларни ишга қабул қилишни рад этиш билан боғлиқ амалиётга барҳам бериш ва иш берувчининг маъмурий жавобгарлигини бекор қилиш масалалари назарда тутилган. Бундан ташқари, турар-жойи бўйича рўйхатда турмаганлик учун маъмурий жавобгарликни камайтириш кўзда тутилмоқда.

 

 

 

 

 

 

 

 

Мавзуга оид