Ўзбекистон | 19:00 / 15.01.2018
10285
3 дақиқада ўқилади

Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистоннинг туризмдан даромадини ошириш учун қилинадиган ишлар ҳақида маълумот берди

Бугун, 15 январь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш истиқболлари ва унинг мамлакат иқтисодиётидаги аҳамияти» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Президент матбуот хизмати томонидан ташкил этилган навбатдаги Пресс Ҳоллда Туризмни ривожлантириш қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов соҳа олдида турган режалар ҳақида маълумот бериб, журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

Журналист ундан Ўзбекистон туристлар оқими бўйича дунёда 150-ўринда экани ва мамлакат туризм соҳасининг иқтисодий ҳиссаси ЯИМда атиги 2 фоизни ташкил этишини айтиб, бу паст кўрсаткичларни яхшилаш учун келгусида нималар қилинишини сўради.

Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон туризм соҳасининг иқтисодий улуши ЯИМнинг 2,2 фоизини ташкил этиши, дунёда ўртача кўрсаткич 10 фоиз атрофида эканини қайд этиб, президент томонидан Ўзбекистонда бу кўрсаткични яқин йилларда 5 фоизга етказиш вазифасини қўйганини маълум қилди.

У натижаларни яхшилаш учун Ўзбекистоннинг ички туризмдаги салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга эътибор қаратилишини маълум қилди. Абдуҳакимов ички туризмни ривожлантириш орқали бу соҳадаги компаниялар йил давомида иш олиб боришига эришилишини айтиб ўтди.

У туризмни ривожлантириш учун биринчи навбатда виза режимини соддалаштириш талаб этилишини қайд этди. Унинг маълумот беришича, айни вақтда 5та йирик давлат билан визасиз режимни жорий этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Шунингдек, яна 40дан ортиқ давлат билан виза режимини соддалаштириш бўйича ишлар олиб борилаётгани қўшимча қилинган.

У транспорт инфратузилмасини яхшилаш ҳам туризмни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

«Бу хорижий сайёҳлар бизнинг мамлакатга сафар қилишини осонлаштиради. Биз рейслар сонини оширишимиз ва чипталар нархларни пасайтиришимиз талаб этилади. Шунингдек, Ўзбекистонга келишнинг янги имкониятларини йўлга қўйишимиз, масалан, темир йўл ёки автобус қатновларини йўлга қўйишимиз талаб этилади.

Олдин бундай имкониятлар чегараланган эди. Ҳукуматнинг бу соҳада олиб бораётган ислоҳотлар эса мавжуд муаммоларни ҳал қилишга имкон беради», деган қўмита раиси.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид