Жаҳон | 20:21 / 16.01.2018
9891
1 дақиқада ўқилади

Япон телеканали Шимолий Кореядан ракета учирилганидан “огоҳлантирди” 

Япониянинг NHK телекомпанияси томошабинларни Шимолий Кореядан баллистик ракета учирилганидан ва шошилинч эвакуация зарурлигидан огоҳлантирди. Кейинроқ канал ушбу огоҳлантиришни хатолик туфайли юборганини тан олган. 

“J-Alert огоҳлантириш тизими Шимолий Кореядан ракета учирилгани сабабли ишга тушгани ҳақида NHK сайти ва дастурида тарқатилган хабар хато бўлган. Биз узримизни келтирамиз”, деб маълум қилган телекомпания. 

Шунга ўхшаш воқеа бир неча кун аввал Ҳавайи штатида юз берганди. Штат аҳолиси баллистик ракета хавфи ҳақида огоҳлантириш олган. “Ҳавайи йўналишида баллистик ракета хавфи. Зудлик билан панагоҳ топинг. Бу машғулот эмас”, дейилганди смс-хабарда. 

Бироқ кейинроқ ушбу огоҳлантириш сохта бўлгани ва фавқулодда вазиятлар агентлиги ходимининг хатоси туфайли берилгани аниқланган. Ҳукумат бу хабар нотўғри эканлиги ҳақида раддия бермагунча, аҳоли орасида ярим соатча ваҳима кузатилган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид