Содиқ Сафоев: 2017 йил вазифаларни аниқлаб олиш йили бўлди
2017 йил Ўзбекистон ҳукумати олдида турган муаммо ва вазифаларни аниқлаб олиш йили бўлди, 2018 йил эса, режаларни қоғоздан амалиётга татбиқ этиш йили бўлади. Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шу ҳақда фикр билдирди.
“2018 йил ҳақида сўз юритадиган бўлсак, у “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологиялари йили” бўлади. Фаол тадбиркорликка эътибор қаратилиши тушунарли нарса. Аммо инновацион ғоялар ва технологияларга тўхталсак, эътиборингизни шу нарсага тортмоқчиманки, бу фақатгина тадбиркорлик ёки иқтисодиёт соҳаси билан чекланмайди.
Гап, жумладан аҳолига давлат хизматларини кўрсатишда ҳам инновацион ғояларни жорий қилиш ҳақида бормоқда.
Иқтисодиёт соҳаси олдида ҳам улкан вазифалар турибди. Албатта, бу йил ўтган йилга нисбатан мураккаброқ йил бўлади. Узоқ йиллар мобайнида сўз юритилмаган муаммолар ошкора ҳал этилади. Бу эса, табиийки, баъзи соҳаларда, биринчи галда энергия манбалари нархи борасида мувозанат ўзгаришига олиб келади. Буни ҳар қандай иқтисодиёт ҳал этиши зарурдир. Мазкур масалани ҳал этмасдан, иқтисодиётнинг ҳақиқий ўсишини таъминлаш мумкин эмас. Бусиз ҳолатга ҳақиқий баҳо бериб бўлмайди.
Бу ўз навбатида нарх-наво кўтарилиши билан боғлиқ занжирни келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли бунда йирик инфляцияга олиб келмайдиган ақлли сиёсат юритиш талаб этилади.
Умуман олганда, айтиш мумкинки, 2018 йил режаларимизни қоғоздан ҳақиқий амалиётга кўчириш йили бўлади. Бу ички ва ташқи сиёсатга тааллуқли. 2017 йил вазифаларни аниқлаб олиш йили бўлди, дейиш мумкин. Энди бу вазифалар аниқ. Шунга кўра, 2018 йил айни вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш талаб этилади. Бу борада мамлакат аҳолиси ва хорижий ҳамкорларни олиб борилаётган ишлардан ўз вақтида хабардор қилиш ҳам муҳим рол ўйнайди.
Хорижий инвесторлар ва ҳамкорлар хусусида фикр юритган президент, тўлиқ ишонмаётганлари, уларнинг кузатаётгани ҳақида таъкидлаган эди.
Бунда, бизнинг ҳам, дипломатик корпусимиз ва бошқа мутасадди идораларнинг ҳам айби бор. Бундан ташқари, етарли даражада очиқ, шаффоф бўлмаганимиз ва ОАВ вакиллари билан мулоқотга эътибор бермаганимиз сабабдир. Шунинг учун ҳам бу йил биз камчиликларимизни тўғрилашга, сизлар билан кўпроқ мулоқотда бўлишга ваъда берамиз”, - деди Содиқ Сафоев.
Мавзуга оид
15:20 / 26.10.2024
«Ўзбекистоннинг BRICS'га аъзо бўлиши кун тартибида эмас» – Содиқ Сафоев
18:07 / 16.10.2024
Олий Мажлис сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёни бошланди
17:44 / 20.09.2024
«Ҳаддини билмаганларни меҳмон деёлмаймиз» – Ўзбекистонда бўлиши номақбул чет элликлар рўйхати юритилади
12:22 / 28.08.2024