Спорт | 22:22 / 17.01.2018
7516
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда мактаб ўқувчилари ўртасида спорт турлари бўйича болалар лигаси ташкил этилади

Фото: KUN.UZ

Бугун Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси томонидан 2017 йил давомида Тошкент шаҳрида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва 2018 йилдаги вазифалар режасига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган анжуманда қатнашган Kun.uz мухбирининг хабар беришича, бошқарманинг янги йилга режалаштирилган ишлари орасида қуйидагилар ўрин олган:

  • ижодий ғоя ва ишланмаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида бошқарма тизимидаги муассасалар ўртасида «Спорт соҳасидаги энг яхши инновацион лойиҳа» танлови ўтказиш;
  • мавжуд иншоотлар қувватидан самарали фойдаланиш фойдаланиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчилар сонини янада кенгайтириш, улар орасидан иқтидорли ёшларни аниқлаб профессионал спортга жалб қилиш мақсадида 2018 йилда ўтказиладиган спорт тадбирлари сонини 2017 йилга нисбатан икки ярим баробарга ошириш.
  • 2018 йил 15 февралдан умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида спортнинг баскетбол, волейбол ва гандбол спорт турларидан «Мактаблар лигаси» ташкил қилиш.
  • Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ва профессионал клублари тарбияланувчилари ўртасида спортнинг футбол, баскетбол, волейбол ва гандбол спорт турларидан «Болалар лигаси–2018» ташкиллаштириш.
  • Спорт таълим муассасалари ўртасида спорт турлари бўйича «Ёш чемпионлар», «Олимпия умидлари», «Олимпия чўққилари», «Футболимиз юлдузлари» спорт мусобақаларини ўтказиш ва шу орқали энг кучли спортчиларни аниқлаш.

Шунингдек, бошқарманинг йиллик иш режасидан республикамизнинг давлат бошқарув идоралари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида, фахрийлар ва кексалар ўртасида, маҳалла спорт жамоалари ўртасида спорт турлари бўйича турли оммавий спорт мусобақаларини ташкил этиш ҳамда аҳолининг жисмоний тайёргарлиги ва саломатлиги даражасини белгиловчи «Алпомиш» ва «Барчиной» махсус тест синовлари ва мусобақаларини ўтказиш ўрин олган.

Қайд этиб ўтиш жоизки, миллий терма жамоалари аъзоларини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг штат жадвалига «Спортчи» лавозими жорий этилди.

Умумтаълим, болалар-ўсмирлар спорт мактаблари тарбияланувчилари орасидан иқтидорлиларини саралаш (селекция) ишларини сифатли ўтказиш мақсадида «Спорт тўгараги ва селекция бўйича тренер» лавозими жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 мартдаги «Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио (Япония) шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXII  ёзги Олимпия ва XVI Параолимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида»ги ПҚ-2821-сонли қарори ижроси бўйича қайта кўриб чиқилиб, қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ҳудудий дастури ишлаб чиқилди.

Ҳудудий дастурга кўра, 2018 йилда  «Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари – Республика Олимпия захиралари коллежи – Олий спорт маҳорати мактаби – Миллий терма жамоалар» схемаси бўйича иқтидорли спортчиларни миллий терма жамоалар таркибига киритиш мақсадида саралаш, тайёрлаш, спорт маҳоратини ошириш бўйича узлуксиз тизимни самарали ташкиллаштиришнинг аниқ чора-тадбирлар дастури амалга оширилади.

2018 йилда қилинадиган ишлар орасида энг муҳими бу — Индонезияда ташкиллаштириладиган ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоасининг муносиб иштирокини таъминлаш. Ҳозирги кунда ушбу йирик мусобақага Тошкент шаҳар спортчилари алоҳида тайёргарлик кўрмоқда.

Ўз мухбиримиз.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид