18:00 / 22.01.2018
13728

Инновацион вазирлик ўқув даргоҳларини Internet Q-Box билан жиҳозлайди

Фото: KUN.UZ

«Маълумотга эга бўлсанг, вазиятни назорат қила оласан», деган нақл бор. Бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири зарур таълим ресурсларининг барча ҳудудларга ўз вақтида етиб бормаслигидадир.

Юртимизда ёш авлод вакилларининг тўлақонли билим олиши, керакли манбалар ва адабиётлардан фойда олинишини таъминлаш — бугунги кун талаби. Уларга мавжуд шароитлардан келиб чиққан ҳолда имконият яратиш долзарб масала. Зарур билим ва манбаларга эга бўлиш эса эртанги кунимизда миллатимиз, ҳалқимиз фойдаси учун хизмат қила оладиган ёшлар вояга етишининг кафолатидир.

Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига амалга оширган ташрифи чоғида Ўзбекистонни инновацион ривожлантириш вазирлиги томонидан вилоят, воҳа, юртимиз аҳолиси учун фойдали бўлган, уларнинг яшаш шароитлари, талабларини қондиришни мақсад қилган бир неча лойиҳалар тақдим этилди. Ўзбекистонни инновацион ривожлантириш вазирлиги томонидан тақдим этилган лойиҳалардан бири Internet Q-Box ҳам айни эзгу мақсадни илгари сурган.

Internet Q-Box нима ўзи? Бу республикамизнинг энг чекка ҳудудларидаги мактаблар, коллежлар, ОТМлар ва бошқа таълим муассасаларида таълим олаётган ўқувчи талабаларга Wi-Fi тизими шаклида таълим ва маълумотлар ресурларини ўз ичига олган улкан контентдир. Унга смартфон, планшет, ноутбук орқали худди вай-файга улангандек кириб, ўзи истаган ресурслардан фойдаланиши мумкин. Бошқача қилиб айтганда, интернетга уланмасдан туриб, айнан ушбу тармоқ бера оладиган маълумотларга эгалик қилиш имкониятини тақдим этади. Муҳими — мавжуд ресурсларнинг бари махсус ишчи гуруҳнинг тасдиғидан ўтган, текширилган ва миллий қадриятларимиз нуқтаи назаридан хавфсиз эканлигини таъкидлаш лозим.

Бундан ташқари, Internet Q-Box’да инглиз, рус, француз, немис, корейс, хитой ва бошқа тилларни ўргатувчи замонавий интерактив курслар, таржимонлар, энциклопедиялар ва бошқа керакли ўқув курслари ҳам мавжуд.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, лойиҳа ва ғоя муаллифлари инновацион вазирликнинг ташаббускор ёшлардан иборат ходимлари. Улар ўқув методик қўлланмалар, илмий-маърифий манбаларнинг етишмаслиги муаммосини ечиш мақсадида ушбу технологияни жорий этишни мақсад қилишган.

Яна бир муҳим жиҳати — Internet Q-Box мактаб ўқувчиларнинг дарслик билан боғлиқ муаммоларини ечишда ҳам ёрдам беради. Чунки унда барча синфларга оид китобларнинг электрон нусхаси бўлади.

Вазирлик ахборот хизматининг KUN.UZ’га билдиришича, Internet Q-Box мосламаси Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасидаги мавжуд адабиётларнинг босма шаклидаги барча манбаларини ўзида жамлай олади. Internet Q-Box лойиҳаси аввалига Сурхондарё вилоятида, кейинчалик эса босқичма-босқич республикамизнинг барча ҳудудларида амалга оширилади.

Top