Ўзбекистон | 19:10 / 23.01.2018
72736
3 дақиқада ўқилади

Орол денгизи сувида фақат битта жонзот омон қолди

Маълумотларга кўра, ўтган асрнинг 60-йилларида Орол денгизи сувининг ҳар бир литрида 10-12 грамм миқдорда туз бўлган. Океан суви каби шўр сувга айланган даврларда маҳаллий балиқлар қирилиб кетгани сабабли унга камбала сингари ҳар хил океан балиқлари олиб келинган. Сувдаги тузлилик даражаси 50 граммдан ошгандан кейин барча балиқлар қирилиб кетган. Ҳозирги вақтда унинг тузлилик даражаси 160 грамм атрофида, деб ёзмоқда ЎзА. 

Орол денгизи сувида фақат битта жонзот яшаб қолди. У артемиядир. Артемия ҳамон мутацияга учрамай, 100 миллион йиллардан буён ўзгаришсиз келаётган оддий организмлардан бири. 

Артемиялар ер юзида асосан хлорли, сульфатли, карбонатли, ҳар литрида 300 граммгача тузи бор шўр сувда учрайди. Улар сув ўтлари, бактериялар билан озиқланади. Орол денгизидаги артемиялар асосан урғочи, лекин улар ўз-ўзидан кўпайиш хусусиятига эга. 

Мамлакатда Орол денгизидан артемия цисталарини йиғиб олиб сотиш билан шуғулланадиган 10 дан ортиқ фирма ва корхоналар мавжуд. Уларни балиқчилик билан шуғулланувчи қатор давлатлар сотиб олмоқда. Ўзбекистондаги балиқчилик хўжаликлари ҳам албатта фойдаланади. 

Фото: The Wire

Артемия цисталари асосан Хитой, АҚШ, Россия, Қозоғистон, Мўғулистон ва Эрон давлатларининг тузли кўлларида етиштирилади. Ўзбекистонда эса фақат Орол денгизида учрайди. 

Артемия цисталарини соф тарзда олиб бўлмайди. Дастлаб денгизда қалқиб турган биомасса йиғиб олинади. У ҳали тўлиқ кўпайиб улгурмагани учун фақат денгиз четидан йиғиб олинади. Цисталарнинг ўртача диаметри 235,5 микромиллиметр. Уни фақат микроскоп ёрдамида кўриш мумкин. Артемия цисталари йиғиб олингандан кейин махсус тайёрланган ҳовузга сув қуйилиб, белгиланган ҳароратда личинкалар пайдо қилинади. Бу балиқ личинкалари учун жуда зарур озуқадир. 

Оддий омухталар билан боқилган балиқ личинкаларининг 50 фоизи тирик қолиб ўсадиган бўлса, артемия личинкалари билан озиқланган балиқ личинкаларининг 90 фоиздан кўпроғи ҳеч қандай касалликсиз ривожланади. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими томонидан артемияларнинг яшаш шароити ва етиштириш даражасини ўрганиш бўйича изланишлар олиб борилмоқда. 

Мавзуга оид