Жамият | 09:00 / 23.01.2018
13096
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятидаги 3 та ЙТҲда 3 киши ҳаётдан кўз юмди

Тошкент вилоятининг 3 туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 3 киши вафот этди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар қилмоқда. 

Унга кўра, 20 январь куни соат 8:30ларда Юқоричирчиқ туманида О.Й. ўзига тегишли «Кобальт» русумли автомашинасини “Барданкўл-Жумабозор-Қизилтоғ” автомобиль йўлида бошқариб кетаётганида, велосипедда ҳаракатланаётган, Юқоричирчиқ тумани, Дўстлик маҳалласида яшовчи нафақахўр А.К.ни уриб юборган. Оқибатда аёл киши «бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бош мияга қон қуйилиши» ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай А.К. олган тан жароҳатидан соат 17.00 ларда туман марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимида вафот этган. 

Иккинчи автоҳалокат Бўка туманида 21 январь куни соат 05:30 ларда рўй берган. Оққўрғон туманида яшовчи М.И. ишонч қоғозисиз Ч.Ю.га тегишли «Нексия» русумли автомашинани «Гулистон-Бўка-Оҳангарон» автомобиль йўлида бошқариб кетаётганида, бошқарувни йўқотган. Бунинг оқибатида йўл четидаги бетон тўсиққа урилиб, ағдарилган. Оқибатда автомашина ҳайдовчиси М.И. касалхонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган, автомашина йўловчиси М.А. «БМЁЖ, БМЧ, чап қўл елка суягини ёпиқ синиши, пешона юз соҳаси шилинган жароҳати ва травматик шок 2-даражали» ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

21 январь куни Қибрай туманида соат 00:45 ларда содир бўлган. Қибрай туманида яшовчи нафақахўр Т.Ш. ўғли А.Ш.га тегишли «Нексия» русумли автомашинани «Тошкент-Селекция-Ўнқўрғон» автомобиль йўли бўйлаб бошқариб кетаётганда, йўлнинг чап томонидан ўнг томонига ўтаётган пиёда М.С.ни уриб юборган. Натижада пиёда М.С. «бош мия лат ейиши, ўнг болдир суякларини юқори учлигидан синиши» ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Унга кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай пиёда М.С. 21 январь куни соат 11:00 да вафот этган.

Юқоридаги барча ҳолатлар бўйича тегишли туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлимлари томонидан ЎзР ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид