Жаҳон | 09:35 / 24.01.2018
7144
2 дақиқада ўқилади

Бенгазидаги терактларда 28 киши ҳалок бўлди – ОАВ

Фото: EPA/STRINGER, архив

23 январда Ливиянинг Бенгази шаҳрида амалга оширилган иккита теракт оқибатида 28 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Sky News Arabia телеканали хабар бермоқда.  

Шаҳарнинг шарқий мавзеси Ас-Салмонийда жойлашган шаҳардаги энг катта масжидлардан бири ёнида одамлар ҳуфтон намозидан чиқиб келишаётганда портловчи модда билан тўлдирилган машина портлатилган. Бу терактдан ярим соат ўтиб, воқеа жойига ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва тиббий ходимлар етиб келишганда яқин атрофдаги яна бир машина портлатилган. 

Олинаётган маълумотларга кўра, теракт вақтида фельдмаршал Ҳалифа Хафтарнинг Ливия миллий армияси бош қўмондонлиги ҳузуридаги тергов-қидирув бўлими бошлиғи Аҳмад Али ал-Фитруий ҳалок бўлган. Шунингдек, жароҳатланганлар орасида Ливия разведка хизматининг контрразведка бўлими бошлиғи, бригада генерали Маҳдий ал-Фаллоҳ бор.

Аввалроқ Libya Akhbar интернет-портали терактлар оқибатида 13 киши ҳалок бўлгани, 33 киши яраланганини маълум қилганди.

Триполидан минг километр узоқликда жойлашган Бенгази шаҳри 2011 йил 17 февралдаги Ливия инқилоби бошланган жой ҳисобланади. 2014 йил май ойидан бери, фельдмаршал Хафтар мамлакатда террорчиликни йўқ қилиш бўйича “Ливия шаъни” операцияси бошланишини эълон қилгандан кейин шаҳарда жанговар ҳаракатлар давом этмоқда. Хафтарга бўйсунувчи кучлар шаҳарда жойлашиб олган жангариларни сиқиб чиқаришга узоқ вақт ҳаракат қилишган, бироқ шаҳар жангарилардан тўлиқ озод қилингани 2017 йилнинг июлидагина эълон қилинган.  

Мавзуга оид