Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди
26 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Facebook’даги ўз саҳифасида маълум қилган.
Янги ўқув марказида Афғонистон томони эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 17 та олий ва 16 та ўрта махсус, касб-ҳунар таълим йўналиши ўқув режаларининг модуллаштирилган шакли ишлаб чиқилган. Қўшни давлатнинг илмга чанқоқ ёшларига ўзлари танлаган касб сирларини чуқур ўргатиш учун Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларидан малакали профессор-ўқитувчилар жалб этилган. Шунингдек, олий таълим муассасалари корпоратив тармоғи орқали “Электрон таълим тармоғи”га уланиб, Ўзбекистоннинг исталган олий таълим муассасаси етук олим ва мутахассислари томонидан видеоконференция орқали масофадан туриб машғулот ўтказиш имконияти мавжуд.
Таълим марказининг илк талабалари ўзбек тили ва адабиёти йўналишига қабул қилинди. Улар икки йил давомида соҳа бўйича етук мутахассис бўлиб етишади.
Марказнинг кўп қаватли муҳташам ўқув биноси, 110 ўринга мўлжалланган талабалар ётоқхонаси, ахборот-ресурс маркази, спорт зали ва спорт майдончалари, ошхона афғонистонлик талабалар учун хизмат қилади. Бинода кимё ва физика каби фанларни чуқур ўзлаштириш, темир йўл транспорти тизимини пухта ўрганиш учун лингафон хоналари, лабораториялар ташкил этилган. Маиший, савдо ва бошқа хизматлар кўрсатадиган шохобчалар мавжуд.
Ахборот-ресурс маркази иқтисодий-техник ва ижтимоий-гуманитар йўналишлардаги фанлар бўйича етарли ўқув ва ёрдамчи дарсликлар, бадиий ва ижтимоий-сиёсий адабиётлар, Ўзбекистонда ишланган 50 дан ортиқ бадиий ва ҳужжатли фильмлар, аудиотўпламлар дисклари билан тўлдирилган. Электрон кутубхона тизимига лотин алифбосидаги 700 дан зиёд электрон адабиёт жойлаштирилган.
“Келгусида марказни янада кенгайтириш, ёзги ошхона ва новвойхона, ҳаммом ва кир ювиш биносини янгидан қуриш режалаштирилган. 300 ўринли қўшимча ётоқхона барпо этиш мўлжалланган. Ўқув ишлаб чиқариш устахонаси реконструкция қилиниб, янги бино қурилади. Афғонистонлик талаба-ёшларнинг ўқиши, касб ўрганиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун қўшимча шароитлар яратилади”, - деб ёзади вилоят ҳокими.
Тантанали тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.Маҳмудов ҳамда Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг иқтисод ва инсон ресурслари бўйича катта маслаҳатчиси Ҳумоюн Қаюмий янги таълим марказининг Фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди.
Мавзуга оид
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024
Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда — БМТ
14:12 / 06.11.2024
Ўзбекистон ва ЕИ афғон масаласи бўйича ўзаро маслаҳатлашувни давом эттиради
22:45 / 02.11.2024