Ўзбекистон | 18:38 / 26.01.2018
10264
3 дақиқада ўқилади

Давлат харидлари тўғрисидаги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан кўриб чиқилди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2018 йил 25 январь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ахборот хизмати хабар қилди.

Парламент аъзолари иккинчи ўқишда «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар. Лойиҳа давлат харидларини тартибга солувчи ҳамда амалдаги мавжуд қарама-қаршиликларни ва эскирган нормаларни бартараф этишга қаратилган тўғридан-тўғри таъсир кучига эга ягона қонун ҳужжатини ўзида касб этади. Қонун лойиҳасини маромига етказиш жараёнида эксперт бирлашмаси билан маслаҳатлар олиб борилди. Депутатлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Бош прокуратура, Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш вазирлиги, бизнес, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан биргаликда қонун лойиҳаси охирги таҳрири ишлаб чиқилди. Ушбу соҳадаги халқаро тажриба ўрганиб чиқилди.

Мажлисда таъкидланганидек, маромига етказиш жараёнида қабул қилинаётган қонуннинг амалий аҳамиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Коррупцияга қарши курашишга йўналтирилганлик, давлат харидлари бозорида тадбиркорлик субъектларининг ҳалол рақобатли кураши учун шароитлар яратиш, ушбу соҳада давлат ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини таъминлаш мақсадида давлат харидларини электрон шаклга ўтказиш лойиҳа қоидаларининг муҳим жиҳатларидир.

Депутатларнинг фикрига кўра, ушбу қонуннинг қабул қилиниши бюджет маблағларидан ва бошқа марказлаштирилган манбалардан, кредит ресурсларидан Ҳукумат кафолати остида имкон қадар самарали ҳамда оқилона фойдаланишга хизмат қилади. Бундан ташқари, давлат сектори маъқул муддатларда «нарх-сифат» ўртасидаги мақбул нисбат бўлган ҳолда зарур товарлар, ишлар ва хизматлар билан зарур миқдорда таъминланади.

Қонуннинг амалга оширилиши мамлакат социал-иқтисодий ривожланишининг жадаллашувига ҳам имкон бериши қайд этилди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва кичик бизнес субъектлари ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, давлат харидлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг замонавий услубларини қўллаш орқали ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини ошириш борасида салмоқли кўмак олади.

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳаси нормаларини такомиллаштириш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар. Хусусан, таклифлар давлат харидлари тартиб-таомилини амалга ошириш, шартнома тузиш ва уни ижро этиш, етказиб берувчи ва буюртмачи ўртасида юз бериши мумкин бўлган низолар ҳамда келишмовчиликлар устидан шикоят қилиш, уларни ҳал этиш чоғида шаффофликни рўёбга чиқаришга тегишлидир.

Шундан сўнг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди ва Олий Мажлис Сенатига юборилди.

Мавзуга оид