Энди айрим онкологик касалликларни операция қилиш учун Ҳиндистонга боришга ҳожат йўқ
Мураккаб онкологик операциялар Самарқандда бажарилмоқда, деб ёзади «Зарафшон» газетаси.
Саратон диагностикаси ва даволашнинг замонавий усуллари кенг жорий этилиши натижасида кейинги беш ойда Самарқандда илк бор қизилўнгач саратони бўйича мураккаб жарроҳлик операцияси амалга оширилди. Меъда саратони бўйича кенгайтирилган гастрэктомия ва бир вақтнинг ўзида сунъий ошқозон ясаш амалиёти йўлга қўйилди. Ўпка саратонини даволашда лоб ва пульмонэктомия жарроҳлик амалиётлари бажарилди. Кўкс оралиғи ўсмалари бўйича кўкс орти ўсмаларини олиш бошланди. Шу ва бошқа йўналишларда Самарқанд тиббиёти тарихида илк бор 62 юқори технологик жарроҳлик амалиёти бажарилди.
Бу маълумотлар вилоят матбуот уйида ўтказилган навбатдаги матбуот анжуманида айтилди.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали директори, профессор М.Жўраев Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелдаги қарори асосида филиалда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
— Бугунги кунда вилоят аҳолисининг саратон билан боғлиқ хасталикларни аниқлаш ва даволаш учун пойтахтга ёки хорижий давлатларга боришига деярли ҳожат йўқ, — деди М.Жўраев. — Барча тиббий муолажаларни филиалнинг ўзида кўрсатиш учун зарур шарт-шароит яратилмоқда. Жорий йилда гамматерапевтик, ангиограф аппаратлари, ультратовуш текшируви ускунаси ва бошқа замонавий жиҳозларни олганимиздан сўнг нур терапияси ва бошқа мураккаб амалиётларни ҳам шу ерда бажариш мумкин бўлади.
Ўтган давр мобайнида филиалнинг 5 нафар ёш ходими Ҳиндистондаги BLK клиникасида онкологиянинг долзарб йўналишлари бўйича малака ошириб келди.
— Давлатимиз томонидан яратилган имконият туфайли Ҳиндистондаги клиникада тажриба ўрганиб келиб, Ўзбекистонда биринчи маротаба сут бези саратонида жарроҳлик амалиётидан сўнг кузатилиши мумкин бўлган лимфостаз асоратининг олдини олиш мақсадида лимфа-веноз анастомоз қўйишни бошладик, — дейди филиал врачи Соҳибжон Узоқов. — Ҳозиргача уч нафар беморда бу амалиёт муваффақиятли бажарилди. Келгусида ушбу йўналишда илмий изланишларимизни давом эттириб, касалликни даволашнинг янги методларидан фойдаланмоқчимиз.
Хорижда малака ошириб келган яна бир ёш мутахассис Парвина Зарипованинг айтишича, айни пайтда филиалда аъзо сақловчи операцияларни йўлга қўйишга ҳозирлик кўрилмоқда. Бу кўкрак бези саратони билан оғриган беморларни самарали даволаш ҳамда уларга психологик ёрдам беришда муҳим аҳамият касб этади.
Жорий йилда филиалнинг ўндан ортиқ ходимини Туркиянинг ACIBADEM клиникасига, шунингдек, Н.Блохин номидаги Россия онкология илмий марказига малака оширишга юбориш режалаштирилган. Бундан ташқари, Россия онкология илмий марказининг морфология ва кимётерапия бўйича етук мутахассислари Самарқандга келиб, маҳорат дарслари ўтказади.
Мавзуга оид
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024